“Вақф” фонди маблағлари нималарга сарфланган?
Масжидлар биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда масжидлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Вақф” фондининг асосий вазифаларидир.
Ўтган йиллар давомида фонд томонидан жами 85 та масжидга 5 миллиард 252 миллион сўм хайрия қилинган бўлса, аҳолининг диний-маърифий илмларини ошириш ва масжидлардаги кутубхоналарни янада бойитиш мақсадида жорий йилда 83 минг 640 дона китоблар, жами, ўтган давр мобайнида қиймати 2 миллиард 95 миллион 873 минг 640 сўмлик, 94 минг 438 дона китоблар масжидлар учун вақф қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда “Вақф” хайрия фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда фаолият юритаётган молиявий ночор, кам даромадли масжид имом-хатиблари учун фонд томонидан узлуксиз ойлик маош тайинланиб, ўтган вақт мобайнида 6 миллиард 976 миллион сўмдан зиёд маблағлар маош сифатида тўлаб берилди. Бундан ташқари, пандемия даврида республикамиздаги масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли, муаззин, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг барчаларига моддий ёрдам учун 65 миллиард 873 миллион сўм хайрия сифатида ажратилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2020 йил май ойида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида тошқин сабаб вайрон бўлган “Юсуф” масжиди фонд томонидан ҳомийлар билан ҳамкорликда буткул янгидан бунёд этилди.
Умумий ҳисобда фонд ўз фаолиятини бошлагандан бугунга қадар жами 74 миллиард 944 миллион 873 минг сўм маблағни масжидлар қурилиши, таъмирланиши, техник таъминот ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш учун хайрия сифатида йўналтирилган.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, “Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Вақфнинг шаръий таърифи борасида турли фикрлар билдирилган. Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда, вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Фондга нақд пул, пластик карталари ва электрон тўлов тизимлари орқали тушаётган маблағлар махсус дастур ёрдамида ягона серверда тўпланиб, таҳлил қилинади. Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланган маблағларнинг мақсадли сарфланишида шаффофликни таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этиб борилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА