Узумчиликда илғор ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда
Маълумотларга кўра, юртимизда барча тоифадаги хўжаликлар тасарруфида жами 137,1 минг гектар токзорлар мавжуд.
Мамлакатимизда кейинги йилларда аграр тармоқнинг бошқа йўналишлари қатори узумчилик ҳам анча ривожланди. Маълумотларга кўра, юртимизда барча тоифадаги хўжаликлар тасарруфида жами 137,1 минг гектар токзорлар мавжуд. Шундан, 81,3 фоизи ҳосилли ва 18,7 фоизи ёш токзорлардир.
Жорий йил ҳудудларда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 25,7 минг гектар, шундан баҳор мавсумида 14,3 минг гектар майдонга янги токзорлар барпо этиш режалаштирилиб, амалда баҳор мавсумида 15,6 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди.



Эътиборлиси, мазкур йўналишда фаолият юритмоқчи бўлган тадбиркор ва миришкорлар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланяпти. Хусусан, бугунги кунгача Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармасидан 124 та ташаббускорга жами 55,7 миллиард сўм, шундан 4,5 минг гектар сув муаммоси мавжуд бўлган ер майдонида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишга 36,9 миллиард сўм йўналтирилган. Шунингдек, ҳудудлардаги лалми майдонларда ўрнатилган 157 дона артезиан қудуғи учун 18,8 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилди.
Жорий йил куз ойларида 10,1 минг гектар майдонда янги токзор барпо қилиниши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 3,1 минг гектарига саноатбоп навли токлар экилиши режалаштирилган.


