
Қарор ва ижро
Боғдорчилик, хусусан, узумчилик азалдан халқмиз фаровон яшашини таъминлаб келган соҳадир. Мамлакатимизда мазкур тармоқнинг янги истиқболлари йил сайин кенгаймоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 3 августдаги “2023 – 2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Унга кўра, узумни йирик майдонларда, кластер ва кооперация усулида етиштириш орқали соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш, узумни сақлаш, саралаш ва қайта ишлашни рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Хусусан, Паркент туманида ҳам иқлим шароити, аҳоли тажрибасидан фойдаланиб, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кластер тизими йўлга қўйилган. Бу ҳудуд боғбонларининг саъй-ҳаракатлари билан етиштирилган сифатли маҳсулотлар нафақат ички бозорларда, балки хорижда ҳам харидоргир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозир Паркент бўйича 10,5 минг гектардан зиёд узумзорлар ҳамда 6,9 минг гектар боғ майдонлари мавжуд. Шундан узум майдонларининг 9,5 минг гектари фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йил етиштирилган 60 минг тонна узум ҳосилининг 23 минг тоннаси экспортга, 19 минг тоннаси қайта ишлашга, 7 минг тоннаси бозорлар ва ярмаркаларга, яна 11 минг тонна ички истеъмолга йўналтирилади. Ўз навбатида узум маҳсулотлари асосан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Италия, Афғонистон, Украина, Беларусь, Исроил, Туркманистон, Молдова, Польша, Озарбайжон, Япония, Туркия, Арманистон, Латвия, Словения давлатларига экспорт қилинмоқда.

Шу кунларда эса туманнинг Заркент ҳудудидаги интенцив боғ ва токзорларда мавсумий агротехник ишлар амалга оширилмоқда. Токларнинг қатор ораларига эса томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган. Ўз навбатида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Паркент туман бўлими фитосанитар давлат назорат инспектори томонидан токзорларда учрайдиган бактериал рак касаллигига қарши курашиш бўйича керакли тавсиялар берилмоқда. Бу орқали мавсумда етиштириладиган ҳосилнинг сифатли бўлишига эришилади.

– Охирги 7-8 йилда етиштирилган узум ҳосилини сифатли сақлаш ва белгиланган муддатларда ички ва ташқи бозорга чиқариш мақсадида Фермерлар Кенгаши қошида очилган жамғарма маблағлари ҳисобидан 20 минг тонна сиғимидаги музлатгичли омборхоналар қурилди, – дейди Паркент тумани фермерлар кенгаши раиси Фахриддин Руҳиддинов. – Жорий йилда ҳам 5 та фермердан шундай омборхона қуриш бўйича таклиф тушган. Уларга ҳам имтиёзли кредитлар асосида қулайликлар яратишга ҳаракат қилинмоқда. Муҳими мазкур тармоқда туман бўйича 10 мингга яқин оилалар бандлиги таъминланган.

Мазкур тумандаги “Заркент Нуржаҳон” фермер хўжалиги раҳбари Ҳамидулло Ҳожиев ҳам кўп йиллардан бери соҳадаги ютуқларга ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳозирги пайтда унинг 16 гектар ерида узумнинг тоифи, Ризамат ота ва кишмиш каби навлари парваришланмоқда.
– Етиштирган ҳосилга август ойидан бошлаб харидорлар кўпаяди, – дейди, “Заркент Нуржаҳон” фермер хўжалиги раҳбари Ҳ.Ҳожиев. – Сентябрь ойидан терим ишлари бошланади. Ортган ҳосилни махсус музлатгичларда сақланади. Бу жараёнда ҳам ўзига яраша талаблар бор бўлиб, унга доим амал қилинади. Қулайлиги шундаки маҳсулот етиштирувчилар бирданига узумни сотолмаслиги мумкин. Шу сабабли музлатгичларда сақланаётган узумни исталган вақтда бозорга чиқариш мумкин. Ҳатто, май ойи ўрталаригача узум маҳсулотини топиш мумкин. Шу билан бирга, майиз тайёрлаш ҳам ҳудудда оммалашган. Унинг нархи ҳозирги пайтда ички бозорда 50 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда.
Дарҳақиқат, меҳнат қилган, ташаббус кўрсатган одам эса тўкин ҳаётга эришади. Паркентликлар узумчиликдан барака топган. Улар токнинг баргини, пишган ҳосилидан то майиз қилгунча бўлган жараёнда яхши даромад қилишга ҳаракат қилади. Айниқса, шу кунлари туманга кириб боришингиз билан йўлларнинг икки бетидаги барқ уриб ўсаётган токзорларга қараб, кўзингиз қувнайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Hn5D059wY8Y?si=jrQxGXXBLPp0Qxk8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
А.Мусаев,ЎзА