Узоқни кўзлаган эрта дарахт экади
Ғарбий Тяншань тоғларининг Чотқол тизмаси ва тизмада жойлашган Катта Чимён, Қизилнура ва Аукашка чўққилари. Ушбу тоғ тизмаси этакларида бунёд этилган Мудофаа вазирлиги «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машғулот маркази Ўзбекистон ҳарбийларининг халқаро армия ўйинларидаги муваффақиятларининг асосий омилига айланиб бормоқда.
Ҳар томонлама замонавий талабларга жавоб бера оладиган «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машғулот маркази фойдаланишга топширилгандан кейин ҳарбийларимизнинг халқаро армия ўйинларидаги имкониятилари ошишига замин яратилди. Бу ерда «Эльбурс халқаси», «Тоғ учкураши», «Саян юриши» ва «Отлиқ марафон» каби йўналишлар бўйича тайёргарлик босқичининг энг муҳим ва масъулиятли жараёнлари бўйича машғулотлар ўтказиш мумкин.

2021 йилнинг декабрь ойи. Айнан шу пайтда «Эльбурс халқаси», «Тоғ учкураши», «Саян юриши» ва «Отлиқ марафон» йўналишларида 2022 йилги халқаро мусобақаларга тайёргарлик бошлаб юборилди. «Чимён» тоғ тайёргарлиги ўқув-машғулот марказида барча ҳарбий округлардан келган ҳарбий хизматчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда тажрибали йўриқчилар бошчилигида топшириқларни бажаришга киришдилар. АрМИ ўйинларининг август-сентябрь ойлари оралиғида ўтказилишини эътиборга оладиган бўлсак, тайёргарлик жараёнларининг ўзи 8 ойдан иборат эканлигини анлаб етамиз.

Ҳа, узоқни кўзлаган эрта дарахт экади. Ўтган йиллар давомида қўлга киритилган юқори натижаларни такрорлаш, айрим йўналишларда чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш учун мана шундай тизимли машғулотлар ва тайёргарликлар дастури ишлаб чиқилган.
Жараёнларни кузатар экансиз, отлиқ марафончилар жамоасига номзодликка даъвогарлик қилаётганларнинг отни ушлаш учун арқон ташлаш, муваффақиятли арқон улоқтиришдан сўнг тулпорни эгарлаш, уни ўзига бўйсиндирган ҳолда дастурдаги машқларни бажариш каби уринишлари осонликча кечмаётганига гувоҳ бўласиз. Гўёки биринчи марта бажараётгандек...

Юқоридаги ҳолат бошқа гуруҳларда ҳам кузатилди. Айнан шу йигитлар АрМИ ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя эта оладими? Ҳали шуларми чавандозлик ҳадисини олиб катта бўлган, тоғларда чопқиллаб ўсган йигитлар? Четдан қараган кишида шундай саволлар туғилиши табиий. Бошида биз ҳам шундай ўйлагандик. Аммо машғулотларни олиб бораётган йўриқчиларнинг таъкидлашича, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий тажрибаси ва АрМИ ўйинлари дастуридаги талаблар ўртасида тафовутлар кўзга ташланади. Эътиборли томони шундаки, кейинги йилларда ҳар бир ҳарбий хизматчи халқаро мусобақаларда ўзини синаб кўриш имконияти яратиб берилган. Саккиз ой давомида АрМИ ўйинлари дастуридаги талаблар бўйича синовлардан муваффақиятли ўтганларгина Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинади.
Катта сержант Иқбол Камолов ҳамда кичик сержант Рустам Тоғаев сингари ҳарбий альпинистларга «Эльбурс халқаси» ва «Тоғ учкураши» йўналиши бўйича "АрМИ – 2022" ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган номзодларни кўрикдан ўтказиш масъулияти юкланган. «Саян юриши»да кичик сержант Нурбек Ниязимбетов чанғичилар, кичик сержант Ринат Кудаяров эса «Отлиқ марафон» бўйича чавандозларни кўрикдан ўтказмоқда.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА