Узоқ йиллик муаммо ҳал бўлади
Жиззах вилоятининг Зомин тумани “Туркман” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бешбулоқ” қишлоғи аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.
Бир неча йиллардан буён “Бешбулоқ” қишлоғи аҳолиси ичимлик сувни бир неча чақиримдан ташиб, сотиб олиб истеъмол қилиб келаётган эди.
Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ушбу қишлоқ аҳолиси муаммосини ҳал этиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори “Туркман” МФЙ ҳудудидаги “Бешбулоқ” аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланиш муддатини икки баробарга тезлаштирди десак, муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда пудратчи қурилиш ташкилоти томонидан сув тармоғи учун чуқур қазилиб, сув қувурларини тортиш, монтаж қилиш ишлари бошлаб юборилди. Айни пайтда, ушбу лойиҳа доирасида 15 километрдан ортиқ масофага сув қувурлари ётқизиш учун чуқур қазилиб, янги тармоқ тортилади.

Ана шу хайрли ишлар мамлакатимиз Бош Қомуси – Конституция қабул қилинган кун арафасида якунига етказилиб, “Бешбулоқ”да истиқомат қилувчи 4 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА