Узоқ тарихга эга ҳамкорлик
Марказий ва Жанубий Осиё тушунчалари аслида XIX асрда оммалашган бўлиб, тарихан бу икки минтақа, икки маданият бир-бирини тўлдириб, уйғунлашиб, бир-бирига елкадош бўлиб, маданий, сиёсий тадрижи давомида ўзаро чуқур муносабатларга киришиб келган.
Бироқ XIX аср иккинчи ярмидан дунёнинг қудратли империялари – Чор Россияси ва Англия икки минтақанинг яхлит кучини синдириш, умумий-тарихий илдизлардан мосуво қилиш, бирлик ришталарини узиш мақсадида жуда кўп сунъий тўсиқларни вужудга келтирдики, оқибат бу ягона макон икки минтақага ажралди қолди. Бир нарсани унутмаслик керак: тарих гувоҳ – биз қачон қудратли давлатга айланган эдик? Қачонки, минтақаларимиз интеграциялашган, бир-бирини теран тушуна олган ва ҳамиша қўллаб-қувватлаган даврларда. Аксинча, ҳамжиҳатлик қўлдан бой берилган вақтдан бошлаб, барчамиз учун синовли кунлар бошланган.
Шу ўринда икки минтақа тарихий ришталари ҳақида кенгроқ маълумотларга мурожаат қилсак.
Узоқ ўтмишга назар ташласак, икки минтақа ҳар доим бир-бири томон маданий, сиёсий жиҳатдан талпинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Мисол учун, дастлаб, бундан уч ярим минг йил муқаддам жанубий Осиёга қадам қўйган орийлар Марказий Осиё орқали ўтар экан, бу орқали икки минтақа ва маданиятнинг ўртасида кўприк яратган эди. Кушон империяси даврида икки минтақа чегаралари, дини ва тилида умумийлик шаклланиб, буддавийликнинг Марказий Осиё орқали ҳам Хитой, Корея, Япония ва Тибетга тарқалгани манбаларда қайд этилади.
Ёхуд Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар сабаб Эфталлар Жанубий Осиёдан қўним топди. Ғазнавийлар салтанатининг бир чегараси Сирдарё этакларига туташган бўлса, иккинчи чегараси Ҳинд океани соҳилларига тегар эди. Бу эса ана шу даврда Марказий Осиёдаги мусулмон алломаларнинг илмий салоҳияти асосида ҳинд водийсидаги математик билимларнинг бутун дунёга тарқалишига олиб келди.
Нафақат математик, балки фалакиёт илмида ҳам аждодларимиз ўлканинг илмий ва табиий имкониятларидан самарали фойдаланган. Хусусан, Абу Райҳон Беруний бошчилигида Нандана шаҳрида муҳташам расадхонанинг бунёд қилиниши бунинг яққол мисолидир. Бугун Покистон ҳукумати томонидан бу иншоот туристик манзилга айлантирилаётгани икки минтақа илмий ришталари узоқ тарихга бориб тақалишидан, бу тарихга бўлган муносабат ва эътибор юксак даражада эканилигидан далолат беради.
XIII асрда бутун жаҳон харитасининг ўзгаришига сабаб бўлган мўғул босқини даврида ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳам 1221-1224 йиллар давомида ҳозирги Покистон ҳудудларида ҳукмронлик қилиб, ўлканинг сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётига таъсир кўрсатди. Султон Жалолиддин томонидан минтақада барпо қилинганлиги айтилаётган Самарқанд қалъаси, Карачи яқинидаги масжид ўша даврдаги Султоннинг фақатгина сиёсий ҳукмдор эмас, бунёдкор шахс сифатида ҳам гавдаланишига хизмат қилади. Карачидаги қадимги Дебал шаҳри ўрнида барпо қилинган Султон Жалолиддин масжиди Жанубий Осиёнинг жанубидаги энг биринчи мусулмон масжиди эди. Бу албатта Покистонда истиқомат қилувчи 200 миллиондан ортиқ мусулмон аҳоли учун Жалолиддин Мангуберди сиймосига нисбатан катта қизиқиш ва ҳурматнинг тарихий асосларидан биридир.
Покистонда биргина Жалолиддин Мангуберди тарихига оид ўнлаб тадқиқот ишлари қилинган, Насим Ҳижозийнинг “Сўнгги қоя” асари эса юз мингдан ортиқ нусхада чоп қилинган. Икки минтақанинг ҳамкорлик тарихи шу билан чекланиб қолмайди. Жанубий Осиёга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бошчилигидаги темурийларнинг кириб келиши Марказий Осиёнинг Жанубий Осиё ҳаёти билан боғлиқликни янада оширган. Ваҳоланки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари урду тилига бир неча маротаба таржима қилиниб, Покистонда севиб мутолаа қилинувчи китобга айланган. Бундай асарлардан яна бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи Гулбаданбегим қаламига мансуб “Ҳумоюннома” асаридир.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг Покистон билан умумий илдизи шунчалар чуқурки, бу уйғунлик халқнинг номдошлигида ҳам, қондошлигида ҳам акс этиши мумкин.
Покистон зиёлиларининг асосини қурган аксар олимларнинг келиб чиқиши ҳам ўзбекистонликдир. Масалан, Покистон адабиётига энг катта таъсир ўтказган Мирзо Бедил (1644-1721 йй.) ва Мирзо Ғолиб (1797-1869 йй.) аслан Ўрта осиёликдир. Мирзо Ғолибнинг “Девон”и Покистонда энг кўп харид қилинувчи китоб ҳисобланади.
Икки минтақа ўртасида савдо йўлларининг тарихи ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Жанубий ва Шарқий Осиё оралиғи табиий тўсиқ – Ҳимолай тоғ тизмалари билан ёпилганлиги сабабли бу икки минтақа савдогарлари Марказий Осиё орқали Буюк ипак йўлидан фойдаланар эди. Мазкур ҳолат эса бу савдо йўлларининг аҳамиятини янада оширади. Ибн Баттутанинг хабар беришича, ўрта асрларда Ўрта осиёлик савдо карвонларининг Ҳинд водийсига қатнови доимий тус олган. Айниқса, Марказий Осиё отлари, Хоразм қовунлари каби товарлар Ҳинд водийсида қиммат баҳоланган.
Умумийликни икки халқнинг ошхонасида ҳам кузатиш мумкин. Зеро, Покистон миллий таомлари маданиятига ўзбекона турмуш тарзи ҳам беқиёс таъсир қилган. Палов, сомса, ҳолва, шир ҳурмо, телдег, кабоб ва бошқа кўплаб таомлар аслида ўзбек таомларидир. Мазкур таомлар маҳаллий озуқаларга аралаштирилиб кейинчалик Ҳайдаробод, Лакнау, Лаҳор ва Пешавор мусулмонлари томонидан ривожлантирилган. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, Покистоннинг миллий тили бўлган урду ва бошқа барча минтақадаги тиллар ўзбек тили билан оҳанг ва мазмун жиҳатдан ниҳоятда яқин.
Икки минтақа тарихида бугунги чамбарчасликнинг асл илдизларини кўриш мушкул эмас.
Бу илдизлар илмий-маърифий, маданий муносабатларимиз ривожланиши учун катта замин борлигини билдириши билан бир қаторда, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик йўлининг аждодларимиз томонидан минг йиллардан буён ёритиб келинаётганини ҳам англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган прагматик ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти акс этган “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини амалга оширишда устувор аҳамият касб этадиган вазифалардан бири сифатида қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатиш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этишнинг белгиланишига жуда катта аҳамият берилаётгани бежиз эмас.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида бу борада бир қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, 2018 йил декабрда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл компаниялари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ ва молиявий консорциум ташкил қилиш ҳақида келишиб олинганди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа 5 миллиард долларни, темир йўл узунлиги эса 573 километрни ташкил қилиши белгиланган. Янги темир йўлдан йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш мумкин бўлади. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши Марказий ва Жанубий Осиёнинг янада мустаҳкам ва шахдам қадамлар билан тараққий этишига хизмат қилади, албатта.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан келгусида ушбу мамлакатга илмий сафарлар уюштириш, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа аждодларимиз тарихининг ўрганилмаган саҳифаларини тадқиқ қилиш режалаштирилган.
Бу билан икки давлатнинг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлаш, халқларни янада яқинлаштириш, минтақалар ривожига ҳисса қўшиш асосий мақсаддир.
Бекзод Абдиримов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари.
Васим Сажжад,
Покистон Ислом Республикаси Исломобод Фан ва технологиялар университети тадқиқотчиси.
ЎзА