Узлуксиз малака ошириш: сарҳисоб ва режалар
Пойтахтимизда “Халқ таълими ходимларини касбий ривожлантириш: эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинар А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Болалар жамғармаси (UNICEF) ҳамкорлигида ўтказилди.

UNICEF, USAID, Жаҳон Банки, UNESCO, АҚШнинг RTI халқаро тадқиқот ташкилоти, Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA), Британия кенгаши, Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этган халқаро семинарда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кундаги таълим ислоҳотлари жуда муҳим эканини қайд этди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур ҳужжатларда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги раҳбар ва педагог-ходимларни “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз малака ошириш тизимига трансформация қилиш вазифаси белгиланган.
Жорий йилгача амалдаги тартибга кўра, педагог-кадрлар ҳар 5 йилда бир марта, раҳбар ва мутахассис ходимлар эса ҳар 3 йилда бир марта малака ошириб келган.

Ўқитувчининг 5 йилда 1 ой, яъни 144 соатлик ўқув дастури асосида малака ошириши ва қолган 4 йил 11 ой ҳеч қандай ўқувга жалб қилинмаслиги, уларнинг ўз устида ишламаслиги касбий малака кўникмалари сусайишига сабаб бўлган.
Бу эса таълим сифатига салбий таъсир этиб келган. Ушбу муаммо ҳукумат даражасига кўтарилди ва Президентимиз жорий йил 25 январь куни “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, тизимда изчил ислоҳотлар бошланди. Мазкур семинар ислоҳотларнинг амалдаги ижроси сифатида ташкил этилди. Унда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгиланди.
Семинарни ўтказишдан асосий мақсад, халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизимида бўлаётган ўзгаришлар, реформалар, халқаро ташкилотлар билан шу соҳани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар натижаларини муҳокама қилишдан иборат.
Семинар давомида БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорликда олиб борилган лойиҳалар натижалари ҳам сарҳисоб қилинди.
Барно Мелиқулова, ЎзА