"UzChess Cup 2026": “Masters”да Муҳиддинов, “Challengers”да Суяров пешқадам
Пойтахтимизда давом этаётган “UzChess Cup 2026” халқаро турнирининг ортда қолган 2-тур ўйинларидан кейин ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов юз фоизлик натижа билан “Masters” гуруҳида етакчилик қилмоқда.
Кеча умумий мукофот жамғармаси 121 минг 500 АҚШ долларидан иборат турнирнинг “Masters” гуруҳида ўтган 2-тур ўйинларида оқ доналарда ҳаракатланган барча шахматчи муваффақиятга эришди.

Жумладан, Мадаминов грециялик Николас Теодоруни, Нодирбек Абдусатторов озарбайжонлик Шахриёр Мамедяровни, россиялик Ян Непомняший ҳиндистонлик Видат Гужратини мағлуб этган бўлса, қора доналарда ҳаракатланган Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов ҳинд вакили Аржун Эригаиси ва АҚШлик Нейманн Ханс Мокега имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 9 июнь куни халқаро турнирнинг 3-турида Муҳиддин Мадаминов қора доналарда Шамсиддин Воҳидов қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, 1,5 очко билан 2-ўринда бораётган Нодирбек Абдусатторов Видат Гужрати билан куч синашади.
Шунингдек, ушбу турда Н.Теодору-Ян Непомняший, Н.Ёқуббоев- Нейманн Ханс Моке, Ш.Мамедяров-А.Эригаиси тўқнашуви бўлиб ўтади.

Халқаро турнирнинг “Challengers” гуруҳида Муҳаммадзоҳид Суяров 10 нафар иштирокчи орасида 1 очко билан етакчилик қилмоқда. “Futures” гуруҳида ҳам 10 нафар шахматчи дона сураётган вазиятда нидерландиялик Сергей Тиваков 1 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди.
Энг кўп иштирокчини жамлаган “Open” гуруҳида 141 нафар шахматчи ғолиблик йўлида курашга киришган вазиятда 29 нафар иштирокчи 2 та тур ўйинлари сарҳисобига кўра, 2 очкога эга бўлиб турибди.
Мусобақалар 15 июнгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА