Қашқадарё вилоятида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унинг доирасида журналистлар йирик инвестицион лойиҳалар, заводнинг бошқарув тизими, замонавий технологик ускуналар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Ташриф давомида меҳмонлар заводнинг марказий лабораторияси, ишлаб чиқариш цехлари, ходимлар учун яратилган меҳнат ва ижтимоий шароитлар билан танишди. Бу каби тадбирлар орқали оммавий ахборот воситаларига иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳақида холис маълумот етказиш мақсад қилинган.
“Uzbekistan GTL” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги тегишли қарори асосида амалга оширилди. Қурилиш-монтаж ишлари 2017 йилда бошланган бўлиб, пандемия шароитига қарамай, 2021 йил декабрида тўлиқ якунланди. Ўша йили давлатимиз раҳбари заводга ташриф буюриб, расмий очилиш маросимида иштирок этди ва унинг эксплуатациясига старт берилди.
[gallery-24359]
2022 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор табиий газни қайта ишлаш орқали синтетик нефть маҳсулотлари – дизель, нафтанг, авиакеросин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бошланди. Бу нафақат мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлашга, балки ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар таклиф этишга ҳам хизмат қилмоқда.
Завод фаолияти давомида ички бозор талабларини қондириш баробарида экспорт салоҳияти ҳам оширилмоқда. Бугунги кунгача 750 минг тоннага яқин GTL маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинган. Айниқса, суюлтирилган газ тўлиқ ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган.
2022 йилда завод 70 фоиз лойиҳавий қувватда ишлаган бўлса, 2024 йил декабридан 2025 йил февраль ойигача давом этган режавий капитал таъмирлаш ишларидан сўнг, ишлаб чиқариш қуввати 95 фоизга етказилди.
Шунингдек, 2025 йил июнь ойида “Air Products” компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган Performance test – 100 фоиз иш юкламасидаги синов муваффақиятли якунланди. Бу синов натижалари “Uzbekistan GTL” заводининг барқарор ва тўлиқ қувватда ишлаш қобилиятини ҳамда халқаро стандартларга жавоб берувчи даражада тайёр эканлигини тасдиқлади.
Айтиш жоизки, дунёда GTL технологияси асосида қурилган 4 та йирик завод мавжуд бўлиб, ҳозиргача улардан ҳеч бири 100 фоиз қувватда ишлаш кўрсаткичига эриша олмаган.
Завод йилига 700 минг тонна синтетик дизель, 450 минг тонна нафтанг, 300 минг тонна авиакеросин, 50 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.
GTL маҳсулотларининг бозорда пайдо бўлиши ортидан нархлар сезиларли даражада пасайди. Масалан, синтетик дизель нархи аввал 18,5 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу нарх 9,5–10 миллион сўм атрофида шаклланмоқда. Шунингдек, аввал тўлиқ импортга боғлиқ бўлган авиакеросин маҳсулоти ҳозирда мамлакатимизда GTL заводи орқали етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари