“Uzbekistan Airways” АЖ сайёр қабул ўтказди
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Uzbekistan Airways” АЖ раҳбарияти иштирокида йўловчи ташиш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг авиакомпания фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш ва фуқароларга мурожаат қилиш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда жисмоний ва юридик шахслар, авиачипталар сотуви агентлари, сайёҳлик компаниялари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшлар иштирок этди.
Сайёр қабулда “Uzbekistan Airways” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Шуҳратилло Ядгаров, “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ директори Ҳакимбой Утамов йўловчи ҳамда юк ташиш билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, авиақатновларни кўпайтириш ва фуқароларнинг ҳаво транспортида ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида авиакомпания олдига қўйилган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-29418]
– Бугунги учрашув биз ёшлар учун жуда фойдали ва самарали бўлди, – дейди Навоий давлат университети талабаси Наргиза Холиқулова. – Учрашувда авиакомпания раҳбариятига ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик. Шунингдек, таклиф ва тавсияларимизни билдирдик. Мен амалиётимни аэропортда ўташни хоҳлашимни айтдим. Раҳбарият бу борада амалий ёрдам беришини билдирди.
Учрашувда ёшлар томонидан учувчи ва борт кузатувчи касблари, малака ошириш бўйича берилган саволларга авиакомпания раҳбарияти батафсил маълумот тақдим этди. Шунингдек, сайёҳлик компаниялари томонидан қўшимча рейслар ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари