Уйим обод кўнглим ҳам обод...
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Қизилча маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Қизлархон Намозова бир нафар фарзандига ҳам она, ҳам ота.
– Энди меҳмон келса уялмайман, хижолат ҳам тортмайман, шинамгина уйимиз бор, – дейди ҳаяжонини яшира олмай деҳқонободлик Қизлархон Намозова. – Яшаб турган масканинг обод ва кўркам бўлса ҳаётга бўлган қизиқишинг янада ортаркан. Имкониятимиз йўқлигидан бир амаллаб ҳашар йўли билан кўтарилган хароба уйда бир нафар фарзандим билан ёлғиз яшардим. Ҳукуматимиз томонидан чекка бир тоғли ҳудудда яшаётган мен каби имконияти чекланган аёллар ҳам эътиборга олиниб, қўллаб-қувватланганидан жуда қувондим. Уй жойимизни таъмирлаб беришди. Бу ишларни бошида турганлардан миннатдорман. Насиб этса, боламни элга нафи тегадиган инсон қилиб катта қиламан, жавобим шу бўладида-а...!
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Қизилча маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Қизлархон Намозова бир нафар фарзандига ҳам она, ҳам ота. Ёлғиз аёл амаллаб қавми-қариндошлар кучи билан уч хонали бинони тиклаган эди. Қўли калталик қилиб, қурилиш ишлари тугалланмай қолган эди.
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар дастури доирасида қашқадарёлик 993 нафар хотин-қизнинг уй-жойини таъмирлаш белгиланган бўлиб, дастлабки босқичда туман (шаҳар)лардан 66 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилди. Улар орасида Қизлархон Номозова ҳам бор.

20 миллион сўмлик маблағ эвазига унинг уй-жойи кўркам кўринишга келтирилди. Бугун унинг қувончи чексиз. Ҳар бир инсоннинг ватани унинг юзи, қадди бастининг тиклиги ҳамда умидларининг ойдинлиги мана шу гўзал гўша билан боғлиқ. Энг ширин дамлари, унутилмас онлари мўъжаз ватани – қўрғонида кечади. Шунданми, бугун юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларни рағбатлантириш ишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оилаларнинг мустаҳкамлиги аёлнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, орзулари рўёби учун интилиши билан боғлиқ экани кундан-кун равшан бўлиб бормоқда.
– Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини янада кучайтириш бугунги куннинг муҳим талабларидан бирига айланган, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бош мутахассиси Шоҳиста Бегимқулова. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан вилоятга 6 миллиард 774 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ишлаб чиқилган режага кўра, ажратилган 4 миллиард сўм маблағ оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар учун зарур жиҳозлар олиб бериш, саломатлигини тиклаш, ортопедик мосламалар беришга йўналтирилади. Эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун 1 миллиард 11 миллион 969,1 сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Тасдиқланган дастурга асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 66 нафар уй-жойи таъмирланадиган хотин-қизларнинг рўйхатлари тузилиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ҳудудларга бириктирилган вакиллари томонидан жойига бориб ўрганишлар ўтказилмоқда. Ҳар бир туман(шаҳар) ҳокимликлари томонидан 3 тадан қурилиш корхоналари рўйхати тузилиб, тендер танловига тақдим этилди.
Маълумотларга кўра, айни кунларда режа асосида, дастур бўйича вилоятда 66 та уй-жойни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг июль ойида Деҳқонобод туманидан 2, Касби туманидан 5, Косон туманидан 4, Қамаши туманидан 3 жами 14 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланиб, шарт-шароитлари яхшиланди.

Яна бир маълумот 78 нафар хотин-қизга ногиронлик аравачаси, 14 нафарига эшитиш мосламаси, 6 нафарига ҳасса, 322 нафарига ҳар хил турдаги зарур дори-дармонлар берилди.
Ҳа, аёлга эътибор оилага, ватанга бўлган эътибордир. Уларнинг орзу умидлари фарзандлар камоли, истиқболи учун замин яратади. Донишмандлардан бири айтганидек, истиқболи порлоқ бўлишини истаган эл тарбиячиларни, яъни аёлларни ардоқлайди, уларга муносиб эътибор кўрсатади. Бу эса тарбияланган авлод камоли учун хизмат қилади.