Уйида музей очган муаллим
Мамлакатимизда ўқитувчиларга эътибор қаратиш, таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бугун янги босқичга кўтарилди.
Дарҳақиқат, муаллим нафақат таълим-тарбия берувчи, балки жамият ҳаётининг маънавий юксалишига ҳам ҳисса қўшади. Таълим ва тарбияни бир-биридан ажратиб бўлмаганидек, ҳар иккаласини ҳам маънавиятдан айро тутиб бўлмайди.
Каттақўрғонлик тарих фани ўқитувчиси Шерқувват Примов 1987 йилдан буён турли тарихий буюмларни тўплаб келади. Бу экспонатларни ўзининг уй музейига жамлаган.
Жизмонсой қишлоғи ва унинг теварагидаги ўндан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари Нуротнинг Оқтоғ этакларига туташиб кетган. Бу ҳудудда Пўлкан бахши Жомурод ўғли, Мулла Йўлдош Охун каби инсонлар туғилиб ўсган.
– Ўттиз тўрт йил мактабда тарих фанидан дарс бердим, – дейди Шерқувват Примов. – Ҳудудимиз ўтмиши, бу ерларда яшаганларнинг ҳаёт йўли, анъана ва удумлар ҳақида гапирсангиз бунинг ўзи катта тарих. Бу ерларда не-не чавандозлар от ўйнатиб ўтмаган, бу тоғлар не-не жангу жадалларни кўрмаган дейсиз? Кўп йиллардан буён осори-атиқа, турли тарихий буюм ва идишларни йиғаман. Булар ҳам тарихда аслида. Қувонганим, ён атрофдаги мактаблар ўқувчилари устозлари билан уй музейимизга келиб туради. Келгусида мезейни кўчма тарзда вилоятнинг турли нуқталарида кўрсатиш истагим бор.
Халқ таълими аълочиси Шерқувват Примов ҳозир пенсияда, ёш тарих фани ўқитувчиларидан маслаҳатларини аямайди. Муаллим ташкил қилган музейни бугун нафақат ўқувчилар балки, қишлоққа келган меҳмонлар томоша қилиш учун келади.
Ўлжабой Қаршиев