Уй-жойларни рақамлаштириш нега керак?
Ярим тунда Фурқат тумани “Тўрғай” МФЙда яшовчи Х.М. кутилмаган муаммога дуч келди. Рафиқаси ҳомиладор эди. Тўлғоқ бошланди.
–Тез ёрдам чақиринг, – дея илтижо қиларди аёли.
Тез ёрдамга телефонда боғланди. Вазиятни тушунтирди ҳам. Манзилни айтишга келганда... тили айланмай қолди. Негаки, кўчиб кирганига неча вақт бўлибдики, уйи рақамланмаган эди.

–Фалон кўчадан ўнгга, кейин фалон жойдан чапга буриласиз, еттита ҳовлидан кейин...
Эр манзилни тушунтиргунича аёлида оғриқ кучайди.
–Чақирдингизми, – нола билан аранг шу сўзни айтди.
Эр кўчада зир югурар, ўтган машинага умид билан қарар эди. Ниҳоят “Тез ёрдам” етиб келди. Тўлғоқдан инграётган аёлнинг не азоб билан йўлда кўзи ёриди...
–Афсуски, кўчаларнинг номланиши, уй-жойларнинг рақамланиши ҳар доим ҳам ўз вақтида амалга ошмай қоляпти, – дейди Фарғона вилоят статистика бошқармасининг мутахассиси А.Абдураззоқов. – Тез тиббий ёрдам, Ички ишлар хизмати, фавқулодда вазиятлар ва бошқа ҳолатларда манзилни аниқ айта олмаслик эса хонадон, оила аъзолари учун муаммолар келтиряпти. Шунинг учун биз ҳар доим режа асосида кўчалар номланиши, турар ва нотурар бинолар рақамланишини харита билан солиштириб ўрганамиз. Аниқланган камчиликлар бартараф этилади, янги кўча, уй-жойлар ҳақида харитага ўзгартириш киритилади.
Шуни қўшимча қилиш керакки, ҳалигача номланмаган кўча ва рақамланмаган хонадонлар оз эмас экан.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири