Уй-жой ҳужжатидан ер масаласигача: кадастр раҳбари билан очиқ мулоқот
Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг кадастр соҳасига оид мурожаатларини ўрганиш, уларга қонуний ечим топиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи Садриддин Турдиев иштирокида ўтаётган учрашувда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, ер ва кўчмас мулк билан боғлиқ масалалар атрофлича ўрганилмоқда.

Мулоқот давомида кўтарилаётган муаммоларни жойида кўриб чиқиш, уларнинг қонуний ечимларини топиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилмоқда.
Бундай сайёр қабуллар фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, кадастр соҳасида давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Фуқаролар ва тадбиркорлар учун сайёр қабул Беруний туманида ҳам ўтказилади. Учрашув давомида кўтарилган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимини топишга эътибор қаратилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА