
Жорий йилнинг 21 февралида “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимчачора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Шу вақтга қадар хорижга ишлашга кетганларга Ўзбекистонда расмий даромади йўқлиги туфайли ипотека кредити ва субсидияажратилмас эди. Энди ушбу фармон билан мамлакатга олти ой ичида мунтазам пул жўнатаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратилмоқда.
Фармонда кўзда тутилган шу ва бошқа масалалар бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Шаҳбоз Зокиров куйидагиларни гапириб берди.
– Фармонга мувофиқ, мамлакатимизда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган, – дейди Шаҳбоз Зокиров. – Жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 триллион сўм ресурс берилмоқда. Банклар бунга қўшимча 10 триллион сўм йўналтиришни мақсад қилган. Ипотека компанияси ҳам бу мақсадларга 2,3 триллион сўм ресурс йўналтиради.
Қурилишни рағбатлантириш учун 2024 йилда 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ва девелоперларга айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ ажратилган.
Девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
Давлатимиз раҳбари умуман барча ҳудудларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларни босқичма-босқич “яшил энергия” уйларига айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Буни рағбатлантириш мақсадида қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган девелоперларга бундай уйлар учун фойда солиғи олинмайди, кредит ставкаси 2 фоиз арзон қилиб берилади.
Шунингдек, 2025 йилдан қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинаётгани айтилди. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8EzI1Zv4E2Y?si=3v1LgZjP7Cowlbxu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА