
Фармон ва ижро
Кайфият яхши бўлса креатив фикрлай оламиз, ишда ҳам унум бўлади. Одамда кўтаринки руҳни таъминлайдиган омиллар жуда кўп. Улардан энг асосийларидан бири – ватан ичра ватанли, ўз уйи бўлишдир.
Бошпанали бўлиш инсонга хотиржамлик беради. Ижарада яшаш билан боғлиқ хавотирлар, ҳар ой ижара ҳақини тўлаш, уйдан чиқиб кетиш хавфи каби муаммолар бартараф этилади.

Шунингдек, уй-жой инсоннинг шахсий мулки бўлгани сабабли, унинг қиймати вақт ўтиши билан ортади. Бу омил эса иқтисодий барқарорликка эришиш имкониятини пайдо қилади. Мулк – инсон учун катта актив. Унинг қиймати ошиши ёки ижарага бериш имконияти одамга молиявий даромад манбаини яратади. Кўчмас мулкка эга бўлиш меҳнат қилишга ва даромадни оширишга бўлган иштиёқни кучайтиради.
Шахсий уйда оила аъзолари ўзларини барқарор ва хавфсиз ҳис қилади. Бола тарбияси, оилавий муносабатлар ва турмуш даражаси юқори бўлади.

Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда кўплаб уй-жойга эҳтиёжнинг ҳал этилиши мамлакатнинг барқарор ривожланишига умумий ҳисобда таъсир қилади.
Тижорат банкларининг ипотека кредитидан фойдаланиш уй-жойга талаби бор инсонга масаласини ҳал қилишнинг енгилроқ ечимларидан бири саналади. Бундай кўмак аҳолига узоқ муддатли молиявий режаларни тузиш имконини беради.
Кейинги беш йилда мамлакатимизда умумий майдони 21,7 миллион метр квадрат бўлган кўп квартирали уй-жойлар барпо этилди. Бу даврда аҳолининг уй-жой сотиб олишига кўмаклашиш учун 67 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу мақсадларга давлат бюджетидан 44 триллион сўм йўналтирилгани эса муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир рақам, даромади юқори бўлмаган 64 минг нафардан ортиқ фуқарога 3,5 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралда “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат мамлакатимизда замонавий уй-жойлар қуриш кўламини ҳамда ипотека маҳсулотлари турларини кенгайтириб бориш, бу борадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатди.
Статистикага кўра, республикамизда кейинги йилларда аҳоли сони йилига қарийб саккиз юз минг нафарга, янги оилалар сони эса уч юз мингтага ортмоқда. Бу рақамлар мамлакатда уй-жойга бўлган талабни қондириш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлигини кўрсатади.
– Фармонга мувофиқ, жорий йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари белгиланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Шаҳбоз Зокиров. – Дастурга кўра, республика ҳудудларида жами 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш режалаштирилган. Шунингдек, ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини бир ярим бараварга ошириш кўзда тутилди. Бундан ташқари, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ажратилади. Фармон ижроси доирасида ишлар бошлаб юборилган. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар 3 мартдан қабул қилинмоқда. Бунинг учун фуқаролар ҳудудлардаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилмоқда. Шунингдек, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда ариза қолдираётганлар ҳам кўп.
Шунингдек, фармонда “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш назарда тутилди.
“Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ бир қатор мезонларни инобатга олган ҳолда танланади. Бу тартиб ҳам 1 мартдан кучга кирди.
Замонавий шаҳарлар ривожланиши давомида уларда инфратузилманинг эскириши, аҳоли зичлигининг ошиб кетиши ва экологияга таъсир этувчи омиллар каби муаммолар юзага келади.
Реновация орқали эса шаҳарлар ва аҳоли пунктлари модернизация қилинади. Эскирган бино ва инфратузилмалар замонавий талабларга мослаштирилади. Ушбу жараён натижасида шаҳар муҳити яхшиланади, аҳолининг яшаш шароитлари ислоҳ қилинади.
Бу муҳим жиҳатлар инобатга олиниб, шу йилнинг 1 мартидан бошлаб реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг тегишли тартиби жорий этилди.
Шаҳарсозлик реновациясида жамоатчилик фикри инобатга олиниши, барқарор ривожланиш тамойилларига риоя қилиш жуда муҳим.
Энди реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади. Мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, тегишли тартибда кўрсатилган компенсация турларидан бири тақдим этилади.
Бузилаётган турар жой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган турар жойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа турар жой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш назарда тутилди.
Мамлакатимиздаги кўп квартирали уй-жой фондининг қарийб қирқ фоизини икки-уч қаватли уйлар ташкил этади. Бу статистиканинг ўзи реновация жараёни нечоғлик муҳимлигини кўрсатади. Фармон билан ижтимоий соҳа объектлари ва яшил майдонларга эга замонавий уй-жойлар қуриш учун етарлича имкониятлар яратилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири