Қут-барака изланиш ва ҳалол меҳнатда
Турмуш ўртоғи хасталаниб қолгач, оиланинг моддий таъминоти Фотима опанинг зиммасига тушди. Фарзандларини ўқитиш, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишиши учун етарли шарт-шароитни яратиш аёл киши учун енгил эмас, албатта...
Турмуш ўртоғи хасталаниб қолгач, оиланинг моддий таъминоти Фотима опанинг зиммасига тушди. Фарзандларини ўқитиш, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишиши учун етарли шарт-шароитни яратиш аёл киши учун енгил эмас, албатта...– Аввалига тадбиркорлик билан шуғулланиб, иш бошқариш, кўпчиликка бош бўлиш ниҳоятда мураккаб туюлди, – дейди пойтахтимиздаги “Хосиятли қут-барака” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фотима Рўзимамати. – Ишларни йўлга қўйиб олиш учун “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмасига мурожаат қилдим. У ердаги экспертлар соҳага оид янгиликлар, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти билан танишишимга кўмаклашиб, иш юритиш борасида зарур маслаҳатлар берди. Изланишларим, меҳнатларим бесамар кетмади.
2012 йили иш бошлаган мазкур корхонада даставвал кунига 150 литр сут қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткични қарийб икки тоннага етказишга эришилди. Айни пайтда 12 киши иш билан банд корхонада 20 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеи тобора ошиб бормоқда. Бу опа-сингилларимизнинг интеллектуал ҳамда маънавий ривожланиши, билим олиши, зарур касбларни эгаллаши, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш йўлида қулай имкониятлар яратилаётгани самарасидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги хайрли ишларнинг изчил бажарилишини таъминлашда дастуриламал бўлаётир.
Аёлнинг бахти аввало оналик билан белгиланади. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Президентимиз ташаббуси билан тиббий-ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан биридир. Юртбошимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили, деб номланиши айни шу мақсадларга хизмат қилади.
Фотима опа ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Катта қизи Робия Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Иккинчи қизи Рамила Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси, ўғли Рустам эса банк коллежида таҳсил олмоқда.
– Оиласининг тинчлиги, хотиржамлигини кўриш аёл учун энг катта бахт, – дейди Фотима опа. – Президентимиз Конституциямиз қабул қилинган кунга бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида буни алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз, деган сўзларидан фахрланиб кетдим. Аминманки, бундай эҳтиром бутун мамлакатимиз хотин-қизларини руҳлантириб юборди.
Бугун хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган турли лойиҳалар, кўрик-танловлар ўтказиш анъанага айланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар ишбилармон аёллар сафини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Фотима опа 2015 йилда ўтказилган “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танловининг мамлакат босқичида “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа” йўналиши бўйича совриндор бўлди. У танловда тез тайёр бўладиган угра маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси билан иштирок этди. Ғолибликни қўлга киритгач, тижорат банки томонидан лойиҳа учун ажратилган 180 минг долларлик кредит эвазига қисқа фурсатда зарур дастгоҳларни харид қилди. Натижада яна ўн беш кишини иш билан таъминлади. Уларнинг кўпчилиги коллеж битирувчиларидир.
Эртасини ўйлаган халқ аёл зотига эҳтиром кўрсатади, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётган улкан эътибор туфайли ўз оиласи, жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар сафи кенгайиб бораётир.