Устувор вазифалар муҳокамаси
Тошкент вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкент вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими С.Абдуллаев бошқарган йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, вилоятни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар муҳокама этилди.
Вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, саноат соҳасини модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,3, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари 10,5, хизматлар ҳажми 15,9, чакана савдо айланмаси 13,8 фоиз ўсди.
2016 йилги Инвестиция дастурига киритилган 70 йирик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланиб, ҳисобот даврида 14,8 миллион сўм ва 331,2 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш доирасида 98 ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.
Хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилиб, 165 давлат объекти “ноль” қийматда хусусий секторга сотилди.
Тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш туфайли ҳисобот даврида 46,3 минг янги иш ўрни яратилди, уларнинг 36,7 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил этилгани эътиборлидир.
Вилоятда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 170,9 миллиард сўм ва 13,3 минг доллар йўналтирилди.
Инвестиция дастурига биноан 103 ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш учун давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларнинг 61,9 миллиард сўм пул маблағи ажратилиб, ҳисобот даврида 109,2 миллиард сўмлик иш бажарилди.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар алоҳида қайд этилди. Хусусан, вилоятда саноат соҳасини ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётир. Мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.