Устоз журналистни хотирлаб
Бухоро вилоят Абу Али ибн Сино номидаги кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан соҳада узоқ йил меҳнат қилган журналист Илҳом Сафаровнинг ҳаёт ва ижод йўлига бағишланган хотира тадбири ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, марҳумнинг яқинлари ва талабалар қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчиси Шамшод Очилов бошқарди. Дастлаб фахрий журналист, қатор давлат мукофотлари соҳиби Б.Жумаев И.Сафаровнинг ижодий фаолияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, А.Истамов, Х.Бозоров, Б.Солиев сингари устоз журналистлар ҳам кун тартибидаги мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён қилди.
[gallery-23558]
Илҳом Сафаров. Элнинг назарига тушди.
– Ҳар инсон ҳаётида унутилмас из қолдирган азиз зотлар бўлади. Улар ҳаётдан ўтса ҳам, қалбимизда тирик, хотираларимизда муҳрланган. Мен учун отам Илҳом ва акам Санжар Сафаров ана шундай инсонлардан эди. Отам – 1957 йил 25 апрель куни дунёга келган нурли инсон эдилар. Улар 1990-2005 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бухоро вилояти мухбири сифатида самарали меҳнат қилди, – дейди журналистнинг қизи Нилуфар Сафарова. – Падари бузрукворим нафақат оиламиз, балки бутун Бухоро журналистикаси ва маънавий муҳити учун юксак ҳисса қўшган инсон сифатида кўплаб шогирдларга ўрнак бўлди. Мамлакатимизга Ислом Каримов раҳбарлик қилган даврларни яхши эслайман. Отам бир неча бор давлат раҳбарининг назарига тушиб икки марта совға сифатида авторучка олган. Бу ўз навбатида ҳақ сўз ва қалам эгаларига бўлган юксак эътироф эди. Отам учун тарбия, маънавий юксалиш ва ҳақиқатни ёритиш – ҳаёт маъноси бўлган. “Сен менинг издошимсан, катта журналист бўласан”, дер эдилар. Бу сўзлар қанот бўлиб, бутун ҳаётим давомида мени руҳлантириб келмоқда.
Тадбирда Илҳом Сафаровнинг рафиқаси Гулнора Сафарова устоз журналистни ҳурмат қилиб, кўнглига яқин олганларга миннатдорчилик билдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.