
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари Нукус туманидаги “Азлер бобо” қабристонида бўлиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Кенгесбай Реймов қабрини зиёрат қилишди.
Марҳум устоз журналистнинг руҳига Қуръон тиловат қилинди. Унинг Қорақалпоғистон журналистикасини ривожлантиришдаги, ёшларни тарбиялашдаги фидокорона хизматлари, ажойиб инсонийлик фазилатлари ҳақида илиқ сўзлар айтилди.
Кенгесбай Реймов 1980 йили Тошкент давлат (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатиб, ҳозирги “Қарақалпақстан жаслары” газетасида иш бошлади. Сўнг “Еркин Қарақалпақстан” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг матбуот котиби, Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси, “Еркин Қарақалпақстан” – “Вести Каракалпакстана” газеталари бош муҳаррири лавозимларида фаолият олиб борди.

Қорақалпоғистонда амалга оширилган маънавий ва маърифий ишларда фаол иштирок этиб, сўнгги беш йил давомида ўзбек адабиётининг етук намуналарини қорақалпоқ тилига таржима қилди. Жумладан, Ш.Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” достонини, халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Айтчи дўстим, нима қилдинг Ватан учун?”, Усмон Азимнинг “Тонг отган томонларда” достонлар ва шеърларини, Саъдулла Ҳакимнинг танланган асарларини, Нурали Қобулнинг “Садоқат саройининг маликаси –" Зулфияхоним” эссесини, шунингдек, “Бобурнома” китобини, қозоқ шоирлари Тўлеген Айбергеновнинг “Армон булоғи”, Қадир Мирзалиевнинг “Улуғ муҳаббат” шеърларини таржима қилиб, нашрдан чиқарди. Шу билан бирга, Президентимизнинг бир қатор асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаган доно сиёсатини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда фаоллик кўрсатди.
Журналист учун энг катта баҳо эл-юрт эътиборидир. К.Реймовнинг журналистика ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони берилди. У Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси сифатида ҳам ҳамкасблари, шогирдлари қалбидан муносиб жой топа олди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари шу куни марҳум устоз журналистнинг хонадонида ҳам бўлишиб, унинг оила аъзоларидан хабар олишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири