Устоз журналист ҳолидан хабар олинди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, саховат, олижаноблик ва бағрикенглик фазилатларини асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб қилиш халқимизга хос фазилатлардан бири.
Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов ҳамда бўлим ҳузуридаги “Фахрий журналистлар Кенгаши” раиси Иброҳим Жумаев узоқ йиллар вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, фахрий журналист Ҳамдам Эшонқулов хонадонида бўлиб, устоз ижодкор ҳолидан хабар олишди.
Ҳамдам Эшонқулов 1938 йилда Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг (ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Журналистик фаолиятини 1964 йилда Нурота тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Илғор чорвадор” (ҳозирги “Нурнома”) газетасида бошлаб, кейинчалик Навоий вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти бош муҳаррири лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, “Қишлоқ ҳаёти” ва “Халқ сўзи” газеталарининг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири сифатида ҳам меҳнат қилган.
Ҳамдам Эшонқуловнинг бадиий ва публицистик жанрдаги “Олис қирлар бағрида”, “Чўпон табассуми”, “Яйлов ташвишлари”, “Бир жуфт олтин узанги”, “Ўзини аямаган одамлар”, “Қизилқум алплари”, “Саҳро мўъжизалари”, “Оқтов ҳикматлари” номли китоблари чоп этилган.
Учрашувда муборак Рамазон ойининг файзу таровати, Ватан тараққиёти йўлида муносиб бўлиш, инсон қадрини улуғлаш, ўзаро ҳурмат, дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, касбдошлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва самимийлик, меҳр-оқибат, касбга садоқат туйғулари, давлатимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига қаратилаётган эътибор ҳамда эъзоз ҳақида суҳбатлашилди.
[gallery-22561]
– Бугунги эътибордан жуда хурсандман, – дейди Ҳамдам Эшонқулов. – Ҳамиша давлатимиз, шогирдларимиз, ҳамкасбларимиз эътиборида эканлигимиздан, меҳнатларимиз қадрланиб, биз каби фахрийлар эъзозланаётганидан миннатдормиз.
Мулоқот доирасида устоз журналистга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан яқинда нашр этилган “Олтин қаламли журналистлар” китоби ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари