Устоз ва мураббийларга мукофотлар топширилди
Андижонда Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят таълим соҳаси ривожи йўлида самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ устоз-педагогларни рағбатлантиришга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Вилоятдаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган соҳа фидойилари иштирокида ўтказилган тантанали тадбирда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров сўзга чиқди.
Тадбир иштирокчилари ва улар орқали вилоятимизда фаолият олиб бораётган барча устоз ҳамда педагогларни байрам билан самимий муборакбод этган Ўткирбек Шукуров, мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди.
Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасини ривожлантириш, устоз ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш ҳамда самарали меҳнат қилиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
[gallery-25543]
Айни кунда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги таълим муассасаларида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Жумладан, 2023-2024 йилда 1 минг АҚШ долларидан зиёд маош олган ўқитувчилар сони 1 минг 850 нафарни ташкил этган бўлса, ўтган ўқув йили якунида уларнинг сони 550 нафарга ортиб, 2 минг 400 нафарни ташкил этди.
Ўқув йили давомида 3 нафар ўқувчи халқаро, 12 нафари республика фан олимпиада ва танловларида юқори ўринларга сазовор бўлди.
Хорижий тил сертификатига эга ўқитувчилар сони 2024 йилда 1 минг 540 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда уларнинг сони икки бараварга ортиб, 3 минг 460 нафарга етди. Фан ва тил билиш бўйича сертификатларга эга ўқувчилар сони эса ўтган йилга нисбатан икки ярим баробарга ортиб, 3 минг 414 нафар битирувчи фанлар бўйича миллий ва халқаро сертификат соҳиби сифатида ОТМларга муддатидан олдин ўқишга кириш имкониятини қўлга киритди.
Шунингдек, тадбирда соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси, самарали меҳнати, фаол ва ташаббускорлиги билан ҳамкасбларига намуна бўлаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийларга “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари, ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва бошқарманинг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома, эсдалик совғалари топширилди.
– Кўрсатилган эътибор ва рағбатдан кўнглим тоғдай кўтарилди, – дейди Асака туманидаги 9-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Навруза Супиева. – Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, “Халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирландим. Бу мукофот менга куч-шижоат беради, янада фаол ишлашга ундайди. Ушбу рағбат учун аввало юртбошимизга, барча раҳбарларимизга миннатдорчилик билдираман.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари