Устоз ва мураббийлар меҳнати юксак эътироф этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ давлат мукофотларига сазовор бўлган педагогларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
[gallery-31740]
Тантанали маросимда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг самарали меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ёш авлодни билимли, юксак маънавиятли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, таълим сифатини оширишда устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Шу боис педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва фидокорона меҳнатини қадрлаш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Президент Фармонига биноан давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Андижон вилоятида узоқ йиллардан буён таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ҳам бор.
Маросимда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов мукофот эгаларига юксак эътироф ва эътибор рамзи бўлган давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Мукофотланган устоз ва мураббийлар билдирилган юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам таълим-тарбия сифатини юксалтириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш ҳамда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишларини таъкидладилар.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА