Андижонда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ғазалнавис шоир Нусрат Абдусалом таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адабий кеча бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими ҳамкорлигида шоир ўзи таҳсил олган ҳамда маълум йиллар меҳнат қилган Андижон қурилиш ва транспорт техникумида адабий кеча ўтказилди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Нусрат Абдусаломнинг ҳаёт ва ижод йўли, санъаткорона ёзилган ғазаллари, мувашшаҳларидан намуналар келтириб, соҳиби девон шоирнинг камтарлик, хокисорлик сингари инсоний фазилатлари, устоз сифатидаги юксак мақоми ҳақида гапирди. Устоз шоирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг табригини, мукофот пули ва эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳомжон Ортиқбоев вилоят ҳокимининг табриги ва эсдалик совғаларини топширди.
Ғазалнавис шоир Нусрат Абдусалом 1945 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Ўрта таълим мактабини тамомлаб, Андижон қурилиш техникумида таҳсил олган. Мазкур таълим даргоҳида турли вазифаларда, шунингдек, қатор умумтаълим мактабларида самарали фаолият юритган.
Шоир илк ғазаллари, болаларга бағишланган шеърлари билан адабий жамоатчилик эътиборига тушган. Республикада чоп этилган бир нечта ёш шоирлар баёзларига, жамоа тўпламларига унинг ижод намуналари киритилган. Марказий адабий нашрларда туркум шеърлари, ғазаллари эълон қилинган.

У бор имкони ва иқтидорини ижодга, адабиёт тарғиботи ва китобхонликни ривожлантиришга, ёш истеъдодларни рўёбга чиқаришга, мураббийликка сарфлаб келмоқда.
“Созим менинг”, “Муҳаббат ёғдуси” номли китоблари, йигирмадан ортиқ тўпламларга киритилган асарлари орқали эътибор топган шоир ҳозирда 400 саҳифалик “Девон” устида иш олиб бормоқда. Ижодкорнинг ҳали эълон қилинмаган кўплаб ғазал ва шеърлари мавжуд.
Деярли қирқ йилдирки, Нусрат Абдусалом “Орзу”, “Ёғду” номли адабий тўгаракларни жамоатчилик асосида бошқариб келади. Мазкур тўгаракларда сабоқ олган ижодкорларнинг кўпчилиги ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкорлар қаторидан жой олган. Устоз адиб вилоятда ўтказилаётган адабий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувларда ҳамиша фаол иштирок этади.
Ижодий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб Қамчибек Кенжа, “Дўстлик” ордени соҳиблари Фарид Усмон, Абдунаби Бойқўзиев, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси ўринбосари Насибахон Йўлчиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори Шоҳистахон Нурматова ва бошқалар устозни улуғ айём билан муборакбод этди.
Таниқли ҳофизлар Тўрахон Қодиров, Мўминжон Ҳайдаров ижросида шоир шеърлари билан қўшиқлар янгради, ёш ижодкорлар томонидан намуналар ўқилди.
Кеча якунида устоз Нусрат Абдусалом кўрсатилган эътибор ва эъзоз учун миннатдорчилик билдириб, янги шеърларидан намуналар ўқиди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари