Устоз режиссёр хотирасига бағишланди
Тошкент халқаро кинофестивали доирасида атоқли режиссёр Шуҳрат Аббосов хотирасига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда таниқли кино арбоблар, устоз режиссёрнинг шогирдлари, яқинлари ва қадрдонлари иштирок этди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов ва бошқалар мамлакатимизда миллий кино санъати соҳасига ҳисса қўшган ижодкорлар хотирасини ардоқлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Шуҳрат Аббосов Ўзбекистон кино санъатига улкан ҳисса қўшган арбоб эди. У яратган "Маҳаллада дув-дув гап", "Тошкент - нон шаҳри", "СЕН етим эмассан" каби фильмлар ўзбек халқининг қалбини, миллий менталитетини дунёга муносиб тарзда намойиш этгани билан қадрлидир.
- Шуҳрат Аббосов билан 1958 йили у кишига шогирд тушиб танишганман, - деди режиссёр Элёр Эшмуҳамедов.- Ғоят билимли, зиёли, китобларга меҳр қўйган инсон эдилар. Бугун ҳам дунё устознинг фильмларни севиб томоша қилади.
Хотира тадбири доирасида пойтахтимиздаги "Чиғатой" қабристонида Шуҳрат Аббосов хотира бюстининг очилиши бўлиб ўтди.
Н.Усмонова,
ЎзА