Устоз бор экан, меҳр бор, дунё бор...
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Юртимизда байрамлар кўп. Бундай байрамлар орасида алоҳида касб байрамлари борки, унда соҳа вакилларига алоҳида эъзоз ва эҳтиром кўрсатилади. Ана шундай байрамлар орасида эса энг қадрлиси, ўқитувчи ва мураббийлар куни бўлиб, ҳар йили ушбу сана катта тантана билан нишонланади.
Устоз, мураббий, ўқитувчи, олим яна шу каби сўзларнинг маъноси нақадар чуқур ва залворли. Бошланғич таълим маскани, мактаб ва олийгоҳ остонасидан хатлаган инсон борки, устоз ва мураббий сўзнинг қадри ва моҳиятини юракдан ҳис қилиши аниқ. Бу касб эгаларининг меҳридан баҳраманд бўлмаган инсон дунёда бўлмаса керак. Неча-неча олимлар, давлат арбоблари, дин ва дунё илмининг етакчилари ҳам, устоз кўрган, мураббийдан сабоқ олган. Бу касб борки, меҳр бор, оқибат бор, илм бор, дунё бор.

Ёш улғайган сари инсонда ортда қолган йўлига назар ташлашга ихтиёр пайдо бўлиб борар экан. Мактаб остонасига босилган илк дамлар кўз юмиб-очгунча эллик етти йил бўлибди. Илк бор қўлимга ручка тутиб ҳарф ёзишни, сурат чизишни, ота-онага бўлган меҳрни қалбга сингдиришни, Ватан туйғусини юракка жойлашни ўргатган устозларим ёдимга тушди.
Бугун уларнинг ёдга олишни ўзим учун ҳам,, фарз, ҳам қарз деб билдим. Саноат опа, Ғуломназар ака, Карим ака, Пўлат ака, Зикир ака, Раҳимжон ака, Нойил ака, Соима опа, Айзода опа, Эътибор опа, Камол ака, Зуҳриддин ака, Тўлаган ака, Санобар опа...
Ўтган йиллар ўз сўзини айтди. Бугун улар сафимизда бўлмаса-да, қалбимизда, илмимизда ва хотирамизда барҳаёт. Улардан олган сабоқларимиз ҳаётимиз давомида бизга йўлбошчи ва маслаҳатгўй бўлиб хизмат қилмоқда. Демак, улар барҳаёт, улар яшаяпти.
Шарқда бир донишманддан: “Инсон қачон чинакамига бу дунёни тарк этади?” деб сўрашганда, у: “Қачонки уни танийдиган, ундан илм олган ва исмини тилга оладиган охирги шогирди вафот этганида”, деб жавоб берган экан.
Ҳар йили байрам муносабати билан устозларни йўқлаб, ўтганларни ёдга оламиз, ҳаётлари билан ёшлик, мактаб даврларини эслаймиз. Мана бугун ҳам, табаррук устозимиз Мухторжон ота хонадонига келдик. Уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, ўзимиз ҳам суюндик. Бир пиёла чой устида суҳбат қурдик. Ёшликка, шўхлик дамларга, беғубор болаликка қайтдик.
Ўтган асрнинг олтмишинчи, етмишинчи йиллари институтни тамомлаб, мактаб даргоҳига ишга келган пайтларини устоз шундай эслайди:

– У пайтлар ўқитувчи деган ном жуда улуғ эди. Ёш мактаб ўқувчисидан катта бўлсанг ким бўласан деб сўраса, албатта, ўқитувчи ёки учувчи бўламан деб жавоб берар эди. Ўқитувчининг маоши ҳам анча баракали бўлган. Оиладаги фарзандлар тарбияси уларнинг моддий таъминоти эркак зиммасида бўлганлиги учун мактабларда эркак ўқитувчилар кўпчиликни ташкил этган. Ота-оналар фарзандларини уйлашга, бирор хонадонга совчиликка борса, ўқитувчи экан, қизимни берганим бўлсин, деб ҳеч иккиланмаган. Ўқитувчининг обрўси ва мақоми маҳалла кўйда, қолаверса жамиятда жуда юқори бўлган. Кейинчалик эса бироз соҳа ходимларига эътибор сусайди. Бу ўз-ўзидан тарбияга ҳам ўқув сифатига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Ҳозир эса бутунлай бошқа замон, бошқача назар бу, албатта, яхшиликка.
Устоз ва мураббийлар жамиятнинг маънавий пойдеворини қурувчи, инсонни комилликка етакловчи улуғ зотлардир. Уларни улуғлаш, меҳнатларини қадрлаш жамиятдаги ҳар бир инсоннинг олий вазифаси бўлмоғи керак.
– Энди ишлайдиган дамлар келди. Шароитлар, имкониятлар бисёр. Қани эди бир айланиб навқирон бўлиб қолсам-у, яна мактабга қайтсам, билим беришга шайлансам. Президентимиз педагогларга катта имконият яратиб бермоқда. Замонавий бинолар, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шароитлар. Ўқитувчиларга бўлган эътиборни айтмайсизми. Юқори маошлар, изланган иқтидорли ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлар, дам олиш учун, саёҳатга чиқиш учун имкониятлар, яна қанчадан-қанча имтиёзлар. Бу каби эътибор ва эътирофдан қувонамиз-да. Шундай шароитда, албатта, ишлагинг келади-да. Улуғ ёшда бўлишимга қарамасдан ғайратим жўшиб боряпти, – дейди Мухторжон Маҳмудов.

Тарихсиз келажак йўқ, дейишади. Узоқ йиллар мактабда тарих фанидан ёшларга сабоқ берган устоз билан ўтмиш ва бугун ҳақида дилдан суҳбат қурдик. Муборак 81 ёшни қарши олаётган Мухторжон отанинг шижоати ва ҳаётга бўлган муҳаббатига ҳавасимиз келди.
Биз ўзимиз ҳам, бугун устоз деган номга сазовор бўлиб, сочга оқ оралаган ёшга етган бўлсак-да, асл устозларимиз олдида доим бош эгиб таъзимдамиз.
Шарқ фалсафасида: “Ота-она инсонни кўкдан ерга олиб тушса (дунёга келтирса), устоз уни ердан кўкка (маънавият чўққисига) кўтаради” деб бежиз айтилмаган. Устозларни улуғлаш бу шунчаки байрамларда уларни табриклаш эмас, балки улар берган илмга амал қилиш, жамиятга фойдали инсон бўлиш ва уларнинг номини доимо ҳурмат билан тилга олишдир.
Азиз устозлар, бизга берган билимингиз, битмас-туганмас сабрингиз ва касбий фидойилигингиз учун сизга катта раҳмат!
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА.