Уста-ҳунарманд билан ижодий учрашув
Пойтахтимизда Шаҳрисабз кулолчилар сулоласининг еттинчи авлод вакили, уста-ҳунарманд Рустам Музаффаров билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Кўп асрлик анъаналарнинг давомчиси бўлган моҳир кулол уста ўз билим ва маҳоратини улашиб, тингловчиларни Шаҳрисабз кулолчилигининг бетакрор намуналари билан таништирди. Маъруза давомида нафақат кулолчилик санъатининг нозик сирлари, балки машҳур кулол усталар сулоласининг бой тарихи ҳақида ҳам сўз юритилди.


Учрашувда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари фаол иштирок этди. Улар уста билан жонли мулоқот қилиб, кулолчиликни таълим тизимига жорий этиш имкониятлари ҳақида зарур маълумотларни олишди.
Бу каби ижодий учрашувлар миллий ҳунармандчилик анъаналарини авайлаш ва келажак авлодга етказишнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА