Уруш қатнашчисига Президент совғаси топширилди
9-май — Хотира ва қадрлаш куни
Хотира — миллатнинг виждони, қадриятга айланган жасорат эса халқнинг абадий фахридир. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли ва синовли йилларида Ватан тинчлиги, инсоният келажаги учун курашган фидойи инсонларни эъзозлаш бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг маънавий мезонига айланган.
Ана шундай қаҳрамонлардан бири — уруш фахрийси Карнишина Мария Ивановна бугун юксак эҳтиром ва эъзоз билан қутланди.
1929 йилда Украинада таваллуд топган Мария Ивановна ёш бўлишига қарамай, 1944 йилда Армия сафига чақирилиб, урушнинг оғир синовларини бошдан кечирди. У 1094-сонли Эвакуация ҳарбий қисм госпиталида хизмат қилиб, жанг майдонида яраланган аскарларга тиббий ёрдам кўрсатди. Унинг матонати, инсонпарварлиги ва фидокорона меҳнати фашизм устидан қозонилган буюк ғалабага муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони ҳамда ҳудуддаги куч тузилмалари раҳбарлари уруш фахрийсининг хонадонига ташриф буюриб, унинг ҳолидан хабар олди. Самимий суҳбат ва юксак ҳурмат ила Мария Ивановна 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 81 йиллиги билан муборакбод этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Унда уруш ва меҳнат фахрийларининг жасорати, фронт ортида хизмат қилган инсонларнинг машаққатли меҳнати ҳамда бугунги авлод учун қолдирган ибратли ҳаёти халқимиз қалбида мангу яшаши алоҳида таъкидланди.
Президентимиз топшириғига асосан Мария Ивановнага 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, Президент совғалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Нукус шаҳри ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
[gallery-29310]
Бу каби эҳтиром ва ғамхўрлик халқимизнинг инсон қадри улуғланган жамият барпо этиш йўлидаги эзгу анъаналарининг ёрқин ифодасидир. Зеро, бугунги тинч осмон, осойишта ҳаёт ва фаровон кунлар замирида уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг беқиёс жасорати мужассам.
Мардлик ва фидойилик тимсоли бўлган фахрийларимизни қадрлаш, уларнинг ҳаёт йўли ва матонатини ёш авлодга ибрат сифатида етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.