Тошкент вилояти нуронийлари сардори Акрам Пўлатович Алимов ҳаёт бўлганида 100 ёшга тўларди.

Бу одам ҳақида тўлқинланмай, ҳаяжонланмай сўз айтиб бўлмайди! Акрам Пўлатович Янгийўл туманига биринчи раҳбар бўлиб тайинланганида қирчиллама қирқ ёшни қаршилаган эди. Лекин шу ёшида у Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларини бошдан-оёқ босиб ўтган, “уруш кўрган” йигит эди...
Тошкент шаҳрида машҳур темирчи оиласида учинчи фарзанд бўлиб дунёга келган Акрамжон тирикчилик ташвишида эртаю-кеч тинмайдиган отасининг устахонасида темирчилик босқонини босишни жуда эрта бошлаган болакай бўлиб ўсди. Мактабни тугатиши эса 1941 йил — уруш бошланиши кунларига тўғри келди.
Тиббиёт оламининг етук мутахассиси бўлиш ҳақидаги орзулари юрагида армон бўлиб қолди. Ўрта мактабни олтин медаль билан тугатган Акрамжон Тошкент давлат Тиббиёт институтига имтиҳонсиз қабул қилинган бўлса-да, ўқишни давом эттириш унга насиб қилмади. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ ҳарбий хизматга чақирилган акаси Икромжон аввал “бедарак” кетган бўлса, кейинчалик “қора хат” келгач, Акрамжон оилани қўллаб-қувватлашга мажбур бўлиб, шаҳардаги Болалар уйига етакчи (пионер вожатий) бўлиб ишга кирди. Тезда “ёш ўқитувчи” ҳам бўлди. Бироқ 1942 йил, 18 ёшида ҳарбий хизматга чақирилиб, ўша кунлари жаҳаннамга айланган “Курск — Орёл” йўналишидаги фронтда аввал оддий жангчи ва бир неча ойдан кейин ефрейтор унвонида қирғинбарот жангларга кирди!
Урушни жанговар сафларда тугатган ефрейтор 1947 йилда кўксида “Қизил юлдуз”, 1-даражали “Шон-шараф” ва шу каби бир қанча орден-медаллар билан уйига қайтди. Урушга қадар бир мунча муддат болалар тарбияси билан шуғулланган йигит аввалига Болалар уйида бош етакчи (бош пионер вожатий)-ликка тайинланиб, орадан бир йил ўтар-ўтмас, собиқ Сталин (ҳозирги Шайхонтоҳур тумани) районининг комсомол қўмитаси иккинчи котиблигига, яна бир йилдан кейин Фрунзе (ҳозирги Яккасарой тумани) райони комсомол қўмитасининг биринчи котиблигига сайланди.
Ёшлар билан ишлашдек масъулиятли соҳада анчайин суяги қотган Акрамжон 1952 йилда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси қошидаги 3 йиллик партия мактабига ўқишга қабул қилинди. 1952-1955-йиллар партия мактабида олинган таълим Акрамжоннинг сиёсий ҳаётида катта замин яратди. Бу пайтда партия мактабида Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби Амин Эрматович Ниёзов, Республика Олий Совети Президиумининг раиси Шароф Рашидов, Министрлар Советининг раиси Нуриддин Акрамович Муҳиддинов каби салоҳиятли давлат арбоблари вақти-вақти билан маъруза ўқирдилар. Ёш кадрларнинг давлат арбоблари билан бундай юзма-юз учрашувлари икки томонлама фойдали эди: ёшлар улардан давлат тизимига оид жонли маъруза ва суҳбатлар тинглаш бахтига муяссар бўлишса, ўз навбатида, республика раҳбарлари ҳам бўлажак салоҳиятли кадрларни кашф этардилар.
Шу учрашувлар самараси ўлароқ, кўпгина ёшлар ҳаётида туб бурилишлар юз бергани сир эмас. Шундай салоҳиятли кадрлар сафида ёш партия ходими Акрам Алимов ҳам бор эди. Партия мактабини битириши билан, у ўша даврнинг юксак ишлаб чиқариш қуввати ҳисобланган Оҳангарон МТСига партия ташкилотчиси, икки йилдан кейин Оҳангарон район партия қўмитасига иккинчи котиб ва орадан бир йил ўтиб, 1959 йил ўрталарида Оҳангарон шаҳар қишлоқ хўжалиги котиблигига сайланди.
— Бу вазифага тайинланиш ва иш жараёнида ҳаётимдаги бурилиш воқеаси юз берди, — деб ҳикоя қилган эди ўша кезларда Акрам Пўлатович энтикиб, — мен Шароф Рашидов билан суҳбатлашишдек бахтга муяссар бўлдим. Республика Биринчи котиблигига сайланган Шароф Рашидович ҳамда Марказқўмнинг ўша йиллардаги қишлоқ хўжалиги бўйича котиби бўлган Нормухаммад Жўраевич Худойбердиев менинг ҳаётимда катта роль ўйнадилар.
1960-1961 йили Акрам Пўлатович Алимов расман “Шароф Рашидов жамоаси”га қўшилди, у Ўзкомпартия Марказий қўмитаси Ташкилий-партиявий бўлимига масъул ташкилотчи қилиб ишга олинди. Бу бўлим бевосита партия кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш билан шуғулланар ва шахсан Шароф Рашидов раҳбарлигида ишларди.
“Уруш кўрган йигит” Марказқўм деворлари орасида узоқ қолиб кетмади. Марказқўмда икки йил партиявий тажриба орттиргач, ўша бахтли “тасодиф” ўлароқ, шахсан Шароф Рашидовнинг йўлланмаси билан бирин-кетин Тошкент вилояти районларини “забт” этишни бошлади.
1961-1985-йиллар давомида Акрам Пўлатович Калинин (ҳозирги Зангиота), Оржонокидзе (ҳозирги Қибрай), Янгийўл, Юқори Чирчиқ, Паркент районларининг биринчи котиби бўлиб танилди. Бу орада 1963-65-йилларда Тошкент области партия қўмитасининг котиби бўлиб ишлашга ҳам улгурди.
1965-1980-йиллар Янгийўл районининг биринчи раҳбари сифатида ишлаган йилларида у ҳаётида яна бир ёрқин ўзгаришга дуч келди, Акрам Алимов халқ орасида “Мирза ака” деб ҳурмат билан тилга олинадиган яна бир бебаҳо устозлар — Халқобод агросаноат бирлашмаси бош директори Усмон Юсупов, Тошкент область партия комитетининг биринчи котиби Мирзамаҳмуд Мусахоновлар билан бақамти ишлаш бахтига муяссар бўлди.
Янгийўл тумани нафақат Тошкент областида, балки республикада етакчи туманлардан бирига айланди. Янгийўл туманида уч марта Меҳнат Қаҳрамони Ҳамроқул Турсунқулов, Меҳнат Қаҳрамонлари Назарали Ниёзов, Абдулла Ортиқов, Маҳмуд Исматов каби машҳур хўжалик раҳбарлари бошчилик қилган “Деҳқончилик мактаблари”га асос солинди. (Узоқ йиллик танаффусдан кейин, Янгийўл деҳқончилик мактаби яна ишга тушганлиги ҳақидаги хушхабар Янгийўл туманининг бугунги сардори Одилжон Атауллаев томонидан фахри-ифтихор билан матбуотда эълон қилинди!).
1985 йил катта иззат-ҳурмат билан Иттифоқ миқёсидаги пенсияга узатилган Акрам Пўлатович Алимов бир кун ҳам “оёқ чўзиб” ётгани йўқ. Умрининг сўнгги ўн уч йилини, (1988-2001 йиллар) Тошкент вилояти “Нуронийлар” (фахрийлар) кенгашининг раиси вазифасида ўтказган тиниб-тинчимас инсон — Акрам Пўлатович Алимов вилоятнинг ҳақиқий оқсоқоли бўлди.
Тошкент вилояти нуронийлари бугун ҳам “Уруш кўрган оқсоқол”и билан ҳақли равишда фахрланадилар. Ўзининг сермазмун катта ҳаёт йўли ва бебаҳо тажрибаси билан мамлакатимиз ҳаётида чуқур из қолдирган нуронийлар сардори замондошлари ва айниқса, ёш авлод учун бебаҳо ибрат мактабидир.

Шароф Убайдуллаев,
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви
раисининг биринчи ўринбосари.