Уруш фахрийси ҳолидан хабар олинди (видео)
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Сурхондарё вилоятидан 53 минг 365 нафар мард, ботир ўғлон фронтга жўнатилган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Шу кунларда вилоят бўйлаб умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчиларига чуқур эҳтиром кўрсатилиб, жангу жадалларда ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинмоқда.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бойсун тумани Темир дарвоза маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 104 ёшни қаршилаган Шоҳимардон бобо Ҳамроев ҳолидан хабар олгани Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайробод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, туман мудофаа ишлар бўлими масъуллари ва ёшлар ташриф буюрди.
[gallery-23153]
Шоҳимардон бобонинг билаги кучга тўлган ёшлик йиллари инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушга тўғри келди. У суронли йилларда Воронеж, Латвия, Литва, Эстония каби давлатларни душмандан озод қилишга ўз ҳиссасини қўшган. Жангу жадалларда жасорат кўрсатган отахон фронтдан қайтгач, мактабда 40 йил ўқитувчилик қилди. “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирланди.
Табаррук отахоннинг хонадони доимгидек яна гавжум. Шоҳимардон бобо Янги Ўзбекистонга тинчлик-тотувлик, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бардавомлик, ёш авлодга бахту саодат тилаб, дуога қўл очди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tQlwR3mz74Y" title="Уруш фахрийси ҳолидан хабар олинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат ва видео), ЎзА