Уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши вакиллари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари аъзолари Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Буюк ғалабага беқиёс ҳисса қўшган фахрийларга Президент совғаларини топширди.
Жумладан, Янги йил байрами арафасида Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Қодирбой Нарманов, Хўжайли туманида умргузаронлик қилаётган Нурулла Исаков, Қонликўл туманидан Оразбай Наметуллаев, Қораўзак туманида истиқомат қилаётган Генжемурат Алланиязов, тўрткўллик Иван Галенко ҳолидан хабар олишди.
Иккинчи жаҳон урушида 66 минг нафар қорақалпоғистонлик иштирок этган ва улардан 34 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Фронтга сафарбар этилган 14 мингдан зиёд юртдошимиз жанговар хизматлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланган. Бугунги дориломон кунларда қорақалпоғистонлик 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси умргузаронлик қилиб келмоқда.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди, совға-саломлари ва моддий ёрдам, янги нашрдан чиққан “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” номли китоб, дори-дармон учун 1 миллион сўмлик сертификат, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Отахонларга “Ўзбекистон Республикаси мутақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА