Уруш фахрийларига эҳтиром
Вилоятда 41 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси яшамоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов Термиз шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари уйида бўлиб, Президентимизнинг 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ 10 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, Президентимиз номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда бошқа қимматбаҳо совғаларини топширди.
Вилоятда 41 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси яшамоқда. Уларнинг уч нафари Термиз шаҳрида осуда турмуш кечираётир. Уруш фахрийлари ҳозирги дориломон кунларда юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш ва навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Термиз шаҳридаги Саховат маҳалласида яшайдиган Хуррам бобо Муртозоев ҳам элимиз эъзозидаги фидойи фахрийлардан бири. Бу йил юз билан юзлашган отахон умрининг энг кучга тўлган йиллари жанг майдонларида жасорат кўрсатиб, душманга қарши курашди. Урушдан сўнг узоқ йиллар ички ишлар идораларида хизмат қилиб, халқимиз осойишталигини таъминлади. Етти ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, камолга етказди. Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратлари ҳамда урушдан кейинги йиллардаги самарали хизматлари учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.
–Сўнгги йилларда бизга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан беҳад миннатдормиз, – дейди Хуррам бобо Муртозоев. – Президентимиз йўллаётган байрам табриклари бизга куч-қувват улашиб, ёшимизга ёш қўшмоқда. Урушнинг номи ўчсин. Биз бошдан ўтказган оғир бу кунларни авлодларимиз ҳеч қачон кўрмасин. Мамлакатимиз тинч, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлаверсин.
Тадбир доирасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларнинг совғалари ҳам топширилди.
