Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Европа парламентидаги чиқишида шундай деди:
– Ғазода бўлаётган воқеаларни қабул қилиб бўлмайди. Бундан буён Европа Комиссияси Исроилга нисбатан кескинроқ қарашини эълон қилади. Унинг хулосаси Европа парламентида олқиш ва кулги билан қарши олинди.
Бу ҳақда “Politico” нашри ёзди.
Фон дер Ляйен ЕИ ижро идораси “экстремист кайфиятидаги вазирлар”га қарши санкция жорий қилиши, Исроилга икки томонлама тўлов тўхтатилишини маълум қилди. Эсласак, Урсула хоним Еврокомиссия раислигига сайланган дастлабки даврида экологияга оид муаммоларни бартараф этиш, саратон каби хавфли касалликларнинг олдини олиш режаси билан тилга тушганди. Фаолияти давомида у йўлини ўзгартириб, кучини кўҳна қитъанинг геосиёсий вазнини ошириш учун мудофаа саноатини қўллаб-қувватлашга сарфлай бошлади. Бу кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди ва ҳатто, уни иккиюзламачиликда ҳам айблашди.
Куни кеча Фон дер Ляйен яна фикрини ўзгартириб, Исроилни қўллаб-қувватлаш тўхтатилишини билдирди. Эҳтимол айнан шу ўзгарувчанлик парламентдагилар олқиши билан бирга, кулгисига ҳам сабаб бўлгандир? Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Еврокомиссия ЕИ ва Исроил ўртасидаги Ассоциация тўғрисидаги битим расмийлаштирилишини қисман тўхтатиб туришни таклиф қилмоқда.Энг муҳими, Фон дер Ляйен ҳукуматлар ўртасидаги келишмовчилик ЕИнинг тадқиқотларни молиялаштириш каби ишларига тўсқинлик қилганини тан олди ва бу жамоатчиликда норозиликни кучайтираётганига урғу берди.
– Исроилни икки томонлама қўллаб-қувватлаш тўхтатилади, – деди у. – Фақат бу Яд ва Шем, Холокост музейи ҳамда Исроил фуқаролик жамияти учун ажратиладиган захирага таъсир қилмайди. Ғазода юзага келган очликни тугатиш инсонпарварлик нуқтаи назаридан зарур.
Маълумки, ЕИ Исроилнинг асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. Шу сабабли, ҳар қандай эҳтимолий шерикликни тўхтатиш мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. ЕИ Исроилга асбоб-ускуна, транспорт воситалари, кимёвий модда ва бошқа саноат маҳсулотлари жўнатади. 2024 йил айни миқдор қиймати 26,7 миллиард еврога етган. Фон дер Ляйеннинг чиқишидан аввалги сиёсий музокара пайти асосий фракциялар умумий ёндашувни келиша олмади. Шундай бўлиши кутилганди. Сабаби, бу фракция аъзолари орасида Исроилга қурол етказиб бераётган мамлакатлар вакиллари ҳам бор.
Фон дер Ляйен таклиф қилаётган Исроил билан Ассоциация тўғрисидаги битимнинг савдо қисми тўхтатилиши нимани англатади? Бу бугунги кунда фуқаролик жамияти ва айрим аъзо давлатлар талаб қилиб келаётган қурол-яроғ экспортига эмбарго ёки махсус санкция эмас, балки бож тикланишини англатади, холос. Шунингдек, ушбу чораларни амалга ошириш учун ЕИда зарур кўпчилик овозини тўплаш осон кечмайди. Битимни қайта кўриб чиқиш учун кўп давлатлар овоз берган бўлса-да, ҳамма савдо қисми тўхтатилишини қўллаб-қувватлаши кафолатланмаган.Бу гал ҳам муҳим аъзо давлатлар, жумладан Италия ва Германия ушбу чорани маъқуллаши лозим. Қолаверса, Исроилнинг яқин иттифоқчилари – Венгрия, Чехия, Австрия ва Польша ўз қарашини ўзгартириши эҳтимоли кам.
Наҳотки, Еврокомиссия раҳбарининг баёноти амалга ошмайдиган, шунчаки гап?
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AKPBsTXvDiY?si=Ap93ecA_wF1PH9VF" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА