Урология хизмати ҳолати қай даражада?
Юртимизда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш тизими барча даражада ислоҳ қилинди. Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида ихтисослашган марказлар сони 10 тадан 23 тага етди. Уларнинг ҳудудларда 174 та филиали, туманларда 310 та бўлими ташкил этилди. Ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 23 фоиздан 55 фоизгача етказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Аҳолига кўрсатилаётган урология хизмати ҳолати, уни ривожлантириш чоралари” мавзусида давра суҳбати видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда урологик тиббий хизмат Республика ихтисослаштирилган урология илмий амалий тиббиёт маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали, Республика муассасалари, Олий таълим муассасаларининг клиникалари, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари томонидан амалга оширилмоқда.
Урологик касалликларни ташхислаш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколлари қайта ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Марказ мутахассислари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда беморлар кўрикдан ўтказилиб, тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. 2021 йилда 390 марта ҳудудларга чиқиб, 145 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шундан 134 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётидир.
Шунингдек, ҳудудларда шифокорлар учун 145 та маҳорат дарси ташкил этилди. Марказ филиаллари моддий-техник базасидан келиб чиқиб анъанавий, эндоурологик, трансуретрал ва лапароскопик жарроҳлик амалиётлари бажарилиши йўлга қўйилди.
Давра суҳбатида ҳудудларда уролог штатлари ажратилишини қайта кўриб чиқиш, вилоят ва туман даражасида урологияга ихтисослашган шифо ўринларини танқидий ўрганиб, етарли ўринлар билан таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ишларини, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг ўзаро интергациясини яхшилаш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА