Урологик хасталикларни даволаш янги босқичга кўтарилади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Таълим ва илм-фан вазирликлари ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида Андижон давлат тиббиёт институтида “Урологик касалликларни даволашга инновацион ёндашув” мавзусида хорижий олим ва мутахассислар иштирокида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларида, тиббиёт марказларида фаолият олиб бораётган, шунингдек, хорижий давлатлардан ташриф буюрган урология соҳаси мутахассислари - профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, талаба ёшлар иштирок этди.
Анжуман очилишида Андижон давлат тиббиёт институтининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Камолиддин Салоҳиддинов сўз олиб, институт ректорининг анжуман иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, мамлакатимизда тиббий хизмат сифати ва савиясни юксалтириш, соҳа ходимларининг касбий билим, малака, маҳорат ва тажрибаларини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.


Анжуманнинг пленар йиғилишида Урология бўйича республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази директори Шуҳрат Мухторов анжуманнинг аҳамияти, мамлакатимизда урология соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳамда замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш масалалари хусусида гапирди.
Шунингдек, соҳадаги замонавий ютуқлар, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг инновацион усуллари, илғор тиббий тажрибалар ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама этилди.


Анжуманда мамлакатимиз урологларидан ташқари, Россия Федерацияси, Германия, Покистон, Қирғизистон сингари қатор давлатларидан 50 нафардан зиёд етакчи олимлар, малакали мутахассислар иштирок этиб, ўзларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Мамлакатингизда соғлиқни сақлаш тизимига кўрсатилаётган эътибор баланд экан, – дейди анжуман иштирокчиси, Россия Федерацияси Шимолий-Ғарбий давлат тиббиёт университети тасарруфидаги шифохона бўлим мудири, Европа урологлар ассоциацияси аъзоси Олег Бурлака. – Айниқса, жарроҳлик соҳасини ривожлантириш, урологик хасталикларни даволаш борасида олиб борилаётган ишлар, даволашда илғор тажрибалар, фан ютуқларидан самарали фойдаланиш тизимининг шаклланганлиги Ўзбекистон тиббиётининг илмий салоҳити юқори эканлигини кўрсатади.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини “Тиббиётнинг муҳим масалалари” мавзусида секциялар доирасида давом этди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан муҳим таклифлар ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман доирасида Андижон давлат тиббиёт институтининг бир гуруҳ вакилларига Марказий Осиё халқлари тарихи институти ва Турон фанлар академияси томонидан таъсис этилган “Буюк хизматлари учун” ҳамда “Scientific Academy” илмий-маърифий марказининг “Таълим соҳасидаги фидойи хизматлари учун” халқаро эсдалик нишонлари топширилди.
Ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали ўтган мазкур анжуман урологик хасталикларни даволашни янада юқори босқичга кўтаришга, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, билим ва малакаларни юксалтиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири