Қуролли таҳдиддан маънавий таҳдидлар кучлироқ
Навоий вилояти Қизилтепа туманида “Диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида “Диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман ўқув спорт техника клуби томонидан туман ички ишлар ва халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, психологлар, 5-умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, сифатли профилактика ишларини этишга қаратилган тадбирда диний экстремизм ва терроризм, унинг дунё аҳлига етказаётган иқтисодий ва маънавий зарарлари, бу иллатнинг олдини олиш, айниқса ёшларни унинг таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, жиноятчиликка барҳам бериш ҳақида сўз борди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас”, деган аниқ тамойиллар асосида белгиланган. Бу тамойил Бош қомусимиз ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ҳам ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.
Бугунги кунда республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 200 дан ортиқ диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2 минг 100 га яқини исломий, 150 дан ортиғи христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Бундан ташқари, конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъий назар, фаолият борасида бир хил ҳуқуққа эгадир. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
– Замонавий жамиятда қуролли таҳдидлардан кўра, маънавий таҳдид энг нозик масалалардан бирига айланиб қолмоқда, – дейди туман ИИБ бўлими терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор вакили Ў.Баҳромқулов. – Бу таҳдид ёшларнинг ҳали ҳеч қандай ифлосликлар билан кирланишга улгурмаган, ўз маънавий оламини ҳимоя қила олмайдиган соф қалбига, онгига салбий таъсир ўтказиш орқали минглаб инсонларни тўғри йўлдан оғдириб, жуда кўп умрлар зомин бўлишига сабабчи бўлмоқда. Бу борада Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конверсиясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик”, деб номланган махсус резолютсиясини қабул қилиш бўйича ташаббусида терроризм муаммосига катта эътибор қаратиб, унинг туб сабабларига барҳам беришга чақирди. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш энг муҳим вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда ҳозирги очиқ ахборот тизими даврида аҳоли, аввало ёшларда ҳар қандай ахборотга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, четдан келаётган турли хил ахборотларни қабул қилишда анализ-синтез қила олиш қобилиятини шакллантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида ўқувчи-ёшларнинг мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.