Ургутлик ўқувчилар Навоийда
Бугун бир гуруҳ ургутлик мактаб ўқувчилари “Келажакка бугундан қадам” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятига саёҳат қилишди.
Мазкур лойиҳа Ургут туманидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонаси ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, комбинат ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети фаолияти билан яқиндан таништириш, ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясини ривожлантириш, ёшларда кончилик ва металлургия соҳаларига бўлган қизиқишни янада ошириш, уларни ушбу йўналишларда билим олиш ва касб эгаллашга рағбатлантиришдан иборат.

Бугунги кунда комбинат тизимида 51 минг киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг 12 минг нафарини ёки 22 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Айни пайтда замонавий гидрометаллургия заводлари, кон-шахталар, цех ва участкаларни илм ва касб чўққиларини пухта эгаллаган ёшлар бошқармоқда.

Дастлаб ўқувчилар Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бўлиб, таълим жараёнлари, замонавий ўқув лабораториялари ва уларда олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети юртимизда кончилик соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи олийгоҳлардан биридир. Ҳозирда университетда 10 минг 798 нафар талабага 441 нафар педагог таълим беради. Илмий салоҳият эса 57,4 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда олийгоҳда 6 та факультетда 27 та бакалавриат ва 23 та йўналишда магистратура йўналиши мавжуд.

– Навоий шаҳрига саёҳатимизнинг биринчи куниёқ катта таассуротларга эга бўлдик. Бу ерга келган ўқувчи-ёшларнинг аксарияти касб танлаш, келажакдаги режалари ва ўз олдига қўйган мақсадлари бўйича маълумот олишга қизиқди. Шу жиҳатдан бугунги учрашув биз учун айни муддао бўлди, – дейди 37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Эргаш Ҳамроев. – Биринчи чорак якунидаги таътилнинг дастлабки куни шундай мазмунли тадбир билан бошлангани ҳам қувонарли. Маҳалламиздаги 3-сонли касб-ҳунар мактабининг саноат йўналишида, хусусан, электрлаштириш ва автоматлаштириш соҳаларида таҳсил олаётган ўқувчиларни ҳам олиб келганмиз. Улар бугунги танишувдан сўнг келажакда шу соҳада ишлаш, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиш истагини билдиришди.
Айни пайтда ўқувчиларимизнинг ўн нафардан ортиғи тегишли миллий сертификатларга эга. Бундай сертификатлар олий таълим муассасасига киришда инобатга олинишини эшитиб, уларнинг қувончи янада ортди. Ёшлар келгуси йилда юқори балл тўплаб, айнан шу университет талабаси бўлиш мақсадида эканини айтишди.
Бу каби учрашувлар биз, устозлар учун ҳам муҳим тажриба мактабидир. Чунки улар орқали ёшларга касб танлашда тўғри йўл кўрсатиш, таълим жараёнида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини англаб оламиз. Илгари ўқувчиларимиз қизиққан айрим соҳалар бўйича саволларига етарлича жавоб беришда қийналардик. Бугун эса университет деканлари ва профессор-ўқитувчилари уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бериб, келажак касбини танлашда муҳим йўл-йўриқ кўрсатди.



Тадбир иштирокчилари университет иқтидорли талабаларининг ихтиро ва стартап лойиҳалари кўргазмаси билан ҳам танишдилар.
Университетнинг мажлислар залида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Қувондиқ Саноқулов ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов иштирокида “Сенаторлар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.





Унда ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, таълим, илм-фан, касб танлаш ва келажакдаги имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.
– Мен Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида фақат ўғил болалар ўқийди, деб ўйлардим. Аммо бу ерда кўплаб хотин-қизлар ҳамда аёллар ишлаётганини, қизлар ўқиётганини кўрдим ва мен ҳам уларга ҳавас қилдим, – дейди ургутлик ўқувчи Зиёда Баҳодирова. – Университетда дарс жараёнлари, технология ва лаборатория хоналари билан танишдик. Биз уларнинг замонавий жиҳозланганлигини кўрдик ва лаборатория машғулотларини бирга бажардик. Навоийга келганимдан жуда хурсандман. Бизга кончилик соҳасидаги иш жараёнларини тушунтириб беришди. Мактабни битиргач, ушбу олийгоҳда ўқишни ният қилдим.

Учрашувда Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов сўзга чиқиб, ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимовга Навоий давлат университетининг фахрий профессори унвонини топширди.


Учрашув сўнггида Абдусаид Кўчимов кутубхонаси, Ургут туманидаги 37-умумтаълим мактаби ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди.


Ўқувчилар “Фарҳод” маданият саройида жойлашган “НКМК тарихи” музейига саёҳат қилиб, мамлакатимиз кончилик саноатининг шаклланиш тарихи, тараққиёт босқичлари ва бугунги ютуқлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари