Ургутда гемодиализ бўлими ташкил этилди
Қарийб 3 миллиард сўм маблағ эвазига ташкил этилган мазкур бўлим учун маҳаллий бюджетдан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бино тўлиқ реконструкция қилинди.
– Буйрак етишмовчилиги хасталиги билан яшаётган беморлар ҳар уч кунда, баъзилари эса ҳар куни ёки ҳафтада бир марта гемодиализ муолажаларини олиши керак, — дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиязов. – Бу эса узоқ туманларида яшовчи беморларга вилоят марказига келиб, ушбу муолажани олиши учун катта қийинчилик туғдиради. Шу сабабли ўтган йил Каттақўрғон шаҳрида ҳудудий гемодиализ бўлими ишга туширилган ва ундан ҳозирда Каттақўрғон шаҳри ҳамда Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманларида яшовчи беморлар фойдаланиб келмоқда. Энди эса Ургутда ҳам шундай имконият яратилди.
Айни пайтда тумандаги 50 нафар буйрак етишмовчилиги билан назоратда турувчи беморлар шу ернинг ўзида доимий равишда муолажа олишлари мумкин.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА