Ургутда ДХМ учун янги бино қурилди
Ярим миллиондан ортиқ аҳоли яшаётган Ургут туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, халқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, маиший техника воситалари ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ривожланиб бормоқда.
Айни кунларда туманда мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатяпти.
Шу боис Ургутда давлат хизматларидан фойдалишга бўлган талаб бирмунча юқори. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 67 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. 2482 та (юридик шахслар 739 та, жисмоний шахслар 1743 та) тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги 6 та корхона рўйхатга олинди.
Туман Давлат хизматлари марказининг янги, замонавий қулайликларга эга биноси фойдаланишга топширилиши билан энди бу борадаги хизмат сифати ва кўлами ошиши табиий.
Марказда бир вақтнинг ўзида 24 нафар, бир кунда 500 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Электрон навбат тизими 6 та мониторда акс этиб туради.
Змонавий архитектура ечими асосида қурилган марказнинг 2 қаватли биносида инфокиоск, кутиш зали, кичик кутубхона, болалар майдончаси, ошхона, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар учун алоҳида хоналар ташкил этилган. Банк шохобчаси ҳам марказнинг ўзида ташкил этилганлиги фуқароларга зарур тўловларни шу ернинг ўзида амалга ошириш имконини беради.
Марказ биносининг очилишида туман фаоллари, жамоатчилик вакиллари қатнашди ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Ғ. ҲАСАНОВ, ЎзА