Урганчнинг бугунги жамоли
Хоразм вилоятининг маъмурий маркази — Урганч шаҳри бугун ўзининг замонавий қиёфаси, обод ва кўркам масканлари, ўзига хос файзу таровати билан эътиборни тортади.
Кейинги йилларда шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари унинг қиёфасини янада ўзгартирмоқда. Кенг ва равон кўчалар, замонавий бинолар, сўлим боғу хиёбонлар, аҳоли учун яратилган қулай шароитлар Урганчнинг бугунги тараққиётидан далолат беради.
Шаҳарнинг ҳар бир гўшасида янгиланиш ва ободлик нафаси сезилади. Кўкаламзор ҳудудлар, ораста йўлаклар, тартиб билан қад ростлаган бинолар ва файзли масканлар шаҳар манзарасига ўзгача жозиба бағишламоқда. Айниқса, кечки чироқлар ёғдусида янада кўркам тус оладиган кўчалар Урганчнинг замонавий қиёфасини яққол намоён этади.
Урганчнинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда замонавий шаҳарсозлик анъаналари халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва азалий урф-одатлари билан уйғунлашган. Шаҳарнинг осойишта муҳити, озода кўчалари ва обод масканлари нафақат маҳаллий аҳоли, балки воҳага ташриф буюраётган меҳмонларда ҳам илиқ таассурот қолдиради.
Бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, шаҳарнинг яшил ҳудудларини асраш, жамоат жойларини ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай дам олиш масканларини яратишга ҳам эътибор қаратиляпти. Бу эса Урганчнинг янада кўркам ва яшаш учун қулай шаҳарга айланишига хизмат қилмоқда.
[gallery-32246]
Бугунги Урганч манзараларида осойишталик, янгиланиш ва тараққиёт уйғунлиги мужассам. Унинг файзли кўчалари, кўркам иншоотлари ва обод гўшалари Хоразм воҳасининг замонавий қиёфасини ўзида акс эттиради.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА