Урганчда уч авлод вакиллари учрашди
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти бошқаруви ташаббуси билан Урганч шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактабида уч авлод вакиллари учрашди.
Унда тарих, бугун ва келажак юзлашди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан меҳнат фахрийлари, ислоҳотлар муваффақияти йўлида жонбозлик кўрсатган, ўрта авлод вакиллари ва ёшлар учрашиб, дилдан суҳбатлашди.

Ёши улуғ отахон ва онахонлар ўзларининг ҳаёт ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида гапириб берди.

Ўрта авлод вакиллари мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, юртимизда ёш авлод вакиллари учун яратилган шарт-шароит ҳақида сўз юритар экан, ёшлар таълим тизимидаги ўзгаришлар, ўзлари эришаётган ютуқлари тўғрисида тайёрланган саҳна кўринишларини намойиш этди. Иштирокчилар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
ЎзА