Хоразм вилоятида IV халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида бахши, оқин ва жиров ижрочилари кўрик-танловининг республика босқичи якунига етди.
Буюк аждодларимизнинг кўп асрлик ҳаёт тажрибалари, эзгу орзу- интилишлари, юксак фазилатларини ўзида мужассам этган боқий меросимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилаётган танлов икки кун давом этди.
Танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган бахши, оқин жировлар, фольклоршунос олимлар, маданият, санъат фидойилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқ оғзаки санъати мухлислари иштирок этди. Танловда 78 нафар бахши, оқин ва жировларнинг ижрочилик йӯналишларидаги маҳоратини санъатшунос олимлар, Ўзбекистон халқ бахшиларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
[gallery-22730]
Танловнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда бахшичилик ва жировчилик санъатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, мазкур фестивалнинг аҳамиятига тӯхталиб, иштирокчиларни табриклади.
Танлов доирасида энг чечан бахши, оқин ва жировлар аниқланди. Якуний натижаларга кўра, энг юқори ўринни қашқадарёлик Зиёдилла бахши Аҳмедов ҳамда хоразмлик Каримбой бахши Отамуродов эгаллади.
Эндиликда улар шу ой оҳирида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган IV халқаро бахшичилик санъати фестивалида ва май ойида Саудия Арабистонида ўтказиладиган “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларида ҳам мамлакатимиз бахшилари номидан иштирок этишади.
Мамлакатимизда бахши, оқин ва жировлар ижодини кенг тарғиб қилиш, уларнинг ижод намуналарини ёш авлод қалбига чуқур сингдиришга хизмат қилаётган танловда ижро жараёнларида умуман микрофон, овоз кучайтиргич каби воситалар ишлатилмади, – дейди Каримбой Отамуродов. – “Базиргон” достонидан менга шарт тушди. Шунингдек, ўзим ҳам бир нечта термалар тайёрлаб келган эдим. Шуни ижро қилиб бердим.
Бахшиларнинг бугун қўлинда сози,
Давронни куйласин, янгроқ овози.
Айтаверсам адо бўлмас садоси.
Бахшилар ҳаззатинг байрам муборак!
Республика кўрик-танловининг тантанали ёпилиш маросими санъат усталари ва бахши, оқин, жировларнинг концерт дастури билан якунланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари