Урганч давлат университети – 90 ёшда
Хоразмда Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ташкил топганининг 90 йиллиги муносабати билан олийгоҳ тарихидаги муҳим воқеалар муҳрланган музейи очилди.
Университет музейининг ташкил этилиши нафақат олийгоҳ жамоаси, балки бутун Хоразм воҳаси таълим ва илм-фан ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.
Тантанали тадбирда республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, вилоятимизнинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари, хориждаги ҳамкор олийгоҳлар делегациялари ҳамда университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар университетнинг 90 йиллик бой ва шарафли тарихига, унинг мамлакатимиз илм-фани ва таълим тизимидаги ўрни ҳамда нуфузига алоҳида тўхталди.
– Олийгоҳ ўтган йиллар давомида минглаб малакали мутахассисларни етиштириб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев. – Бугун Урганч давлат университети битирувчилари нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам турли соҳаларда самарали фаолият олиб бориб, олийгоҳ шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Университетнинг бугунги кундаги нуфузи, таълим ва илм-фан соҳасидаги мустаҳкам ўрни ҳам мазкур музейда намоён бўлган.
Юбилей муносабати билан олийгоҳнинг кеча ва бугуни акс этган видеолавҳа ҳамда хориждаги ҳамкор олий таълим муассасаларидан юборилган видео табриклар намойиши тадбирга алоҳида мазмун ва руҳ бағишлади.
Маросим давомида университет ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг ташаккурномаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси фахрий ёрлиқлари топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Санъат кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ижро этилган гўзал куй-қўшиқлар тантанага алоҳида файз бахш этди.
[gallery-27905]
Маълумот ўрнида, олийгоҳ тарихан 1935 йилда Урганч шаҳрида Хоразм ўқитувчилар тайёрлаш институти сифатида очилган. 1992 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан Хоразм давлат педагогика институтига университет мақоми берилиб, Урганч давлат университети ташкил этилган.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (cурат)
ЎзА мухбирлари