Урбанизация, ҳудудий режалаштириш ва уй-жой қурилиши соҳасида ҳамкорлик кенгайди
Шаҳарларнинг ўсишида ҳудуд атрофидаги аҳоли турмуш тарзининг шаклланиб бориши муҳим аҳамият касб этади.
Бу эса урбанизация жараёнларининг ривожига туртки беради. Катта шаҳарлар атрофида кичик шаҳарлар пайдо бўлиб, ҳудуд кенгайиб боради.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасида Буюк Британиянинг “ARUP International Projects Limited” маслаҳатчилар гуруҳи билан учрашув ўтказилди.
“ARUP International Projects Limited”нинг вазифаси халқаро муҳандислик ва консалтинг хизматларини кўрсатиш саналади. Бу 1946 йилда Ове Aруп томонидан ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилот 35 та мамлакатда фаолият юритади, 160 дан ортиқ мамлакатда лойиҳалар амалга оширилишида иштирок этган.
Учрашувда "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси, Тошкент вилоятини ҳудудий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси маълумотида.
Шунингдек, Бўка ва Чиноз туманлари, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларининг ҳудудий режалари ва бош режаларини ишлаб чиқиш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида урбанизация, ҳудудий режалаштириш ва уй-жой қурилиши соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтириш истиқболлари таҳлил қилинди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА