Унумли меҳнат – мўл ҳосил омили
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида уч мингдан ортиқ фермер хўжалиги 119 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришламоқда.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида уч мингдан ортиқ фермер хўжалиги 119 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришламоқда.
Президентимиз раҳнамолигида аграр тармоқда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ерга эгалик туйғусини кучайтириб, мавжуд майдонлардан унумли фойдаланиш ҳамда пахтачиликни сердаромад тармоққа айлантиришга хизмат қилаётир. Фермер хўжаликларини зарур минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш ва сифатли сервис хизмати кўрсатишнинг кенг йўлга қўйилгани ютуқлар омили бўлмоқда.
Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, пахтачиликда бой тажрибага эга воҳа фермерлари “Наманган-77”, “Бухоро-102”, “Султон”, “Бешқаҳрамон” каби маҳаллий иқлимга мос, эртапишар, серҳосил ғўза ниҳолларини парваришламоқда. Об-ҳаво нисбатан иссиқ келаётган бу йилги шароитда пахтакорлар тунги суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, чопиқ қилиш ишларини илғор агротехник тадбирлар асосида амалга ошираётир. Ғўза ниҳолларини чеканка қилиш, бегона ўтлардан тозалашда тажрибали мутахассислар маслаҳати қўл келмоқда.
Қумқўрғон туманидаги 267 фермер хўжалиги 9 минг 177 гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Сув ресурсларидан тежаб фойдаланиш, зараркунандаларга қарши биологик усулда курашиш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантиришга эътибор кучайтирилаётир. Қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаб, кулътивация қилиш, ғўза баргини белгиланган муддатларда чилпиш ишлари ҳам тез ва сифатли амалга оширилмоқда.
– Ғўза нозик, парваришталаб ўсимлик, – дейди тумандаги “Чорвадор” фермер хўжалиги раҳбари Раҳмиддин Шаропов. – Бу ойда шоналаб қолган ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш учун тажрибали деҳқонларимиз маслаҳатига амал қилиб, иш юритмоқдамиз. Айни кунларда экин майдонларидаги ҳар туп ғўзада 8-10 тадан кўсак бор. Шу кунгача ниҳолларни тўрт марта суғориб, беш марта культивация қилдик. Хўжалигимизда шарбат усулида суғориш кенг жорий этилган. Бу усул экин майдонлари қотиб қолишининг олдини олиб, тупроқ сифатини яхшилайди. Намликнинг узоқ сақланишини таъминлаб, ҳосилга ҳосил қўшади.