Университетнинг илмий салоҳияти янада ошади
Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим олиши учун кенг имконият ва шароит яратилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Бухоро давлат университетининг Педагогика институти, Физика-математика факультети негизида Ахборот технологиялари факультети ташкил этилди.
– Бухоро давлат университети таркибий тузилмасида 30 та бўлим ва марказлар, 13 та факультет, 38 та кафедра фаолият юритиб келмоқда, – дейди университет ректори Обиджон Хамидов. – 2021 йилда 140 нафар ёш мутахассислар ишга қабул қилинди. Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 30 фоизга кўпайди. Талабалар сони 22 минг 994 нафарга етди. 2021-2022 ўқув йилида 4 минг 240 нафар, жумладан, бакалавриатда 3 минг 490 нафар, 28 та магистратура мутахассисликлари бўйича 750 нафар талаба қабул қилинди. Университет ҳузурида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи 14 та ихтисослик бўйича жами 8 та кенгаш фаолият кўрсатади. 2021 йилда университетда фаолият кўрсатаётган педагог ходимлардан 13 нафари фан доктори (DSc), 43 нафари фалсафа доктори (PhD) докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2022 йилда жами 60 нафар илмий педагог-ходимларнинг докторлик диссертациялари ҳимоялари режалаштирилган.

Университетда 2021 йилда 10 та халқаро, 11 та республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди. 2022 йилда 12 та халқаро, 12 та республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Раҳбар ва педагог-ходимларнинг 259 нафари Республика тармоқ марказларида ва 20 нафари хорижий ОТМларда малака оширди. 45 та кадрлар буюртмачилари билан ўзаро ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув режалар ишлаб чиқилди. 10 га яқин ишлаб чиқариш корхоналари ва иш берувчи ташкилотларда амалий машғулотлар ҳамда талабалар амалиёти самарали ташкил этилди.
Бугунги кунда Бухоро давлат университетида хорижий ҳамкор ташкилотлар билан 129 та ҳамкорлик шартномаси амал қилмоқда. Шартномалар илмий ҳамкорлик, ўзаро талаба ва ўқитувчи алмашиш, конференция ва тадбирлар ташкил қилиш каби тадбирларни қамраб олади. 2022 йил давомида ҳамкорлик шартномалари сонини 150 тага етказиш режалаштирилган.
Айни пайтда хорижлик талабалар сони 285 нафар бўлиб, умумий талабалар сонида 1,2 фоизни ташкил этади. 2021 йилда 36 нафар хорижлик талаба ўқишни тугатиб, бакалавр ва магистр даражасига эга бўлди. Хорижлик талабаларнинг асосий қисми туркманистонликлар бўлиб, сўнгги йилларда Тожикистон, Россия, Индонезия фуқаролари ҳам таълим олган. Хорижда алмашинув дастурлари орқали таълим олаётган талабалар сони 13 нафар бўлиб, улар Италия, Россия, Сингапур ва бошқа мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида ўқимоқда.
Ўзаро меҳнат шартномалари тузилган ва дарс жараёнларини олиб бораётган хорижлик ўқитувчилар сони 45 нафар бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича университет республикамиз олий таълим муассасалари ўртасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. 2021-2022 ўқув йилида улар сони 70 нафардан ошиши кутилмоқда. 2021 йил давомида 51 нафар профессор-ўқитувчи малака ошириш ва стажировкадан ўтиш учун АҚШ, Россия, Франция ва бошқа мамлакатларга юборилди. 2022 йилда 80 нафар профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг хорижда малака ошириши режалаштирилган. Хорижий ҳамкорлар билан 13 та қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда улардаги талабалар сони 300 нафарга яқин. 2021-2022 ўқув йилида 42 та мутахассислик фани инглиз тилида ўқитилмоқда. 14 та халқаро грант лойиҳалари амалга оширилмоқда. 2021 йил давомида 49 та хорижий делегация университетга ташриф буюриб, 76 марта халқаро тадбирлар ўтказилган.
Молиявий ва академик мустақиллик натижасида 2022 йилдан бошлаб бўлғуси профессор-ўқитувчи ва илмий тадқиқотчиларни хориж университетларида мақсадли тайёрлаш бўйича тизим ишлаб чиқилади. Шунингдек, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда 4 та янги қўшма бакалавриат ва магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Бухоро давлат университети илмий салоҳиятини 34 фоизга ошириш, иқтидорли ёшларни илм-фан соҳасига йўналтириш, уларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Илмий-инновацион ишланмалар ҳамда лойиҳаларни тижоратлаштириш салмоғини ошириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро илмий ва услубий ҳамкорликни, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномалари сонини 150 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, ўзаро меҳнат шартномалари тузиш орқали дарс бериш ҳамда илмий тадқиқотларга раҳбарлик қилиш мақсадида жалб этиладиган хорижлик олимлар сонини 70 нафарга оширилади. 80 нафар профессор-ўқитувчи малака ошириш ва стажировкадан ўтиш учун етакчи хорижий университетларга юборилади.
Зариф Комилов, ЎзА