Университетнинг энг фаол профессор-ўқитувчилари тақдирланди
Ўзбекистон Миллий университетида жорий йилда талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро ҳамкорлик масалаларида самарали ишлар олиб борилди. Хусусан, “QS World University rankings” Рейтинг агентлигининг эълон қилган рейтинг натижаларида Ўзбекистон Миллий университет ўтган йилгига нисбатан 100 поғона юқорилагани ҳам бунинг исботидир.
Пойтахтимизда “2021 йил якунлари: натижалар ва истиқболлар” мавзусида йил якунлари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов кириш сўзи билан очиб, жорий йилда олий таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар ҳамда келажакдаги истиқболлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, фидойи, фаол ва илмий фаолиятда ютуқларга эришаётган профессор-ўқитувчиларни, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида университетнинг 12 нафар профессор-ўқитувчилари, ходимлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Бундан ташқари, 21 нафар профессор-ўқитувчилар турли номинациялар бўйича университет сертификатлари, пул мукофотлари ва компьютер жамланмалари билан тақдирланди.

– 2021 йил биз учун тарихий йил. Чунки мустақил давлатимиз 30 ёшга тўлди. Мана шу 30 йилда қилинга ишлар сарҳисоб қилинса, бизнинг университет ҳам катта ютуқларга эришди. Жорий йилда ҳам университетимизнинг профессор-ўқитувчилари илм йўлини танлаган ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳат бериб, жамиятимизга нафи тегадиган олимларни етиштириб келмоқда. Бундан ташқари бугунги кун илм-фани учун зарур бўлган дарсликлар, услубий қўлланмалар ҳам яратилмоқда. Хусусан, ўзимнинг илмий фаолиятим ҳақида сўз юритсам, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги мкносабати билан 5 та дарслик тайёрладим ва нашр этилди. Шунингдек, 9 нафар шогирдим PhD илмий даражасини олган бўлса, 1 нафари фан доктори илмий даражасига сазовор бўлди. Уларнинг орасида қўшни давлатлардан ҳам шогирдларим бор. Буларнинг барчаси университет раҳбарияти томонидан юқори баҳоланиб, сертификат ва моддий рағбатлантирилдим, – дейди фалсафа фанлари доктори, профессор Нигина Шермуҳаммедова.
Тадбир якунида элимизнинг севимли санъаткорлари, сўз усталари томонидан тайёрланган чиқишлар даврага файз бағишлаб, профессор-устозларнинг қалбига қувонч олиб кирди.

Файзулло Яҳёев, ЎзА