
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши давлат университети Қашқадарё вилоятидаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, илм-фан ва таълим соҳасида муҳим ўринни эгаллайди. Университетда бакалавр, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади.
Мазкур таълим даргоҳида жами 67 бакалавр ва 29 магистратура йўналиши мавжуд. Ўтган 2024 йилда 10 янги бакалавр ва 5 магистратура йўналиши очилди.
Университетнинг бой моддий-техник базаси ва халқаро ҳамкорлиги талабаларга сифатли таълим ва илмий фаолият учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бунинг самарасида талабалар халқаро олимпиадаларда қатор муваффақиятларга эришмоқда. Хусусан, охирги икки йилда турли давлатларда ўтказилган олимпиадаларда 15 нафардан ортиқ талаба математика, кимё ва тиббиёт фанлари бўйича ғолиб ва совриндор бўлди.
[gallery-21662]
2024/2025 ўқув йилида университетнинг 13 нафар талабаси Президент ва номли давлат стипендияларига сазовор бўлди. Улардан 8 нафари Навоий номли давлат стипендиатлари ҳисобланади.
Таъкидлаш керак, Навоий стипендияси Ўзбекистонда давлат томонидан таъсис этилган стипендиялардан бири бўлиб, олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишида ўқиётган иқтидорли талабаларга берилади. Ушбу стипендия ўзбек адабиётининг буюк сиймоси, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталган.
Навоий стипендияси мамлакатимизда таълим ва маданият соҳасидаги анъаналарни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлиб, у орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш мақсад қилинган. Ҳозирда университетда ушбу стипендияни олаётган талабалар мумтоз адабиётга оид илмий ишлар устида изланмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА