Университетлар ўртасида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди
Гулистон давлат университети ва АҚШнинг дунёдаги нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири — Чикаго университети қошидаги TMW Center for Early Learning + Public Health ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишув ГулДУнинг халқаро илмий-тадқиқот майдонидаги иштирокини кенгайтириш ва замонавий илмий тажрибаларни маҳаллий тадқиқотлар билан уйғунлаштиришда муҳим қадам бўлди.
Ҳамкорлик доирасида Гулистон давлат университети SPEAK технологиясига асосланган халқаро тадқиқотлар консорциумининг тўлақонли иштирокчисига айланди. Лойиҳага «Иқтисодиёт» кафедраси доценти, PhD Достонбек Эшпулатов бош тадқиқотчи сифатида раҳбарлик қилмоқда. Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади 0–5 ёшли болаларнинг эрта ривожланишида ота-оналарнинг билими, муносабати ва иштироки қандай таъсир кўрсатишини ўрганишдан иборат. Лойиҳа доирасида TMW маркази томонидан ишлаб чиқилган SPEAK сўровномаси орқали болаларнинг нутқ, ижтимоий-эмоционал ривожланиши, дастлабки STEM кўникмалари, технологиялар билан муносабати ва бошқа муҳим кўрсаткичлари таҳлил қилинади. Шунингдек,тадқиқотда хулқ-атвор иқтисодиёти ёндашувларидан ҳам фойдаланилиб, ота-оналарнинг қарорлари ва кундалик хатти-ҳаракатлари болалар ривожига қандай таъсир қилиши ўрганилади. Шу жиҳатдан, лойиҳа нафақат таълим ва педагогика, балки иқтисодиёт, ижтимоий тадқиқотлар ва инсон капитали ривожи нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Айни пайтда тадқиқотнинг амалий босқичи Сирдарё вилоятида давом этмоқда. Гулистон давлат университетининг «Иқтисодиёт» кафедраси тадқиқотчилари томонидан дала сўровлари ўтказилиб, халқаро тадқиқот учун зарур маълумотлар тўпланмоқда. Ушбу маълумотлар кейинчалик халқаро тадқиқотлар доирасида таҳлил қилиниб, эрта болалик ривожланишига оид илмий хулосалар шакллантирилади.
— Мазкур ҳамкорлик университетимиз учун нафақат халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш, балки замонавий тадқиқот методологияларини ўзлаштириш, илмий салоҳиятимизни янада ошириш ва олинган натижаларни амалиётга татбиқ этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, эрта болалик ривожланиши каби долзарб йўналишда халқаро тадқиқотларда иштирок этишимиз мамлакатимизда соҳага оид илмий асосланган ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.
Ҳамкорликнинг аҳамияти фақат тадқиқот натижалари билан чекланмайди. У ГулДУ олимлари ва ёш тадқиқотчилари учун халқаро экспертлар билан ҳамкорлик қилиш, илғор илмий усулларни ўзлаштириш ва глобал илмий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятини кенгайтиради.
Кутилаётган натижалар эса Ўзбекистонда эрта таълим ва болалар ривожланиши соҳасида самарали дастур ва ёндашувларни ишлаб чиқиш, ота-оналарнинг бола тарбиясига оид билимларини ошириш ҳамда илмий далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
ГулДУ ва Чикаго университети ўртасида йўлга қўйилган мазкур ҳамкорлик — халқаро илм-фан билан маҳаллий тадқиқотларни боғлайдиган, илмий натижаларни амалиётга яқинлаштирадиган ва энг муҳими, келажак авлод ривожига хизмат қиладиган муҳим ташаббусдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири