Университетида янги китоб тақдимоти ўтказилди
Самарқанд давлат университетида “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” номли янги китоб тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, муассаса профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди. Рустам Холмуродов мазкур китобнинг тузувчи ва нашр учун масъулларига, ушбу муҳим лойиҳа раҳбари академик Оқил Салимовга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларимиз орзу ва умидларига, ташаббус ва интилишларига, билим эгаллашларига, хорижда тажриба алмашишларига кенг имконият яратиш зарурлигини ҳар доим таъкидлаб келади.
“Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари” китоби ҳам мана шу вазифалар ижросига бағишланган. Мазкур тўпламнинг иккинчи жилдига республика олий таълим муассасаларининг магистратура, бакалавр босқичларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар, докторантлар, шунингдек, вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатиш билан бир қаторда илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган ёш олимларнинг илмий ишлари жамланган.
Иқтидорли ёшлар таълим-тарбияси, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ўз мевасини бериши шубҳасиз.
– Ушбу тўпламига менинг ҳам мақолам киритилганидан хурсандман, –дейди Самарқанд давлат университети магистранти Ҳасан Орипов. – Бу лойиҳани мамлакатимиз ёшларини илмий изланишларга ундовчи, ёшларда эртанги кунга ишонч ва умид уйғотувчи ташаббус деб биламан. Ютуғимизни кўрган тенгдошларимиз ҳам танловда иштирок этиб, китобнинг кейинги жилдларида мақолалари билан қатнашишга ҳаракат қилишмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу лойиҳа ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Бугун мана шу тўпламдан мақолалари ўрин олган ёшлар орасидан эртага етук шахслар чиқишига ишониш мумкин.
– Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармасининг ушбу танлов ва лойиҳасида иштирок этиш ниятида бўлган ёшлар сафи кундан кунга ортаётгани қувонарлидир, –дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов. – Умид қиламанки келажакда ҳар бир олий ўқув юрти ёшларининг илмий ишлари жамланган мана шундай китобларни кўплаб нашр этамиз.
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати.